Денгиз сатҳининг кўтарилиши сабабли 50 йил ичида Малдив ҳудудининг катта қисми яшаш учун яроқсиз ҳолатга келиши мумкин. Лекин маҳаллий аҳоли таслим бўлишни истамаяпти ва оролни сақлаб қолиш учун маржон рифларини қайта тикламоқда. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Олимларнинг маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши сабабли 2070-йилга бориб Малдив оролларининг тахминан 80 фоизи сув остида қолиши мумкин. Мутахассисларнинг салбий тахминларига қарамай, маҳаллий экологик фаоллар ва аҳоли ўз уйларини ташлаб кетмоқчи эмас. Улар Ҳиндистон ва Шри Ланканинг жанубида жойлашган орол давлатни сақлаб қолиш йўлларини изламоқда.
Минтақани сақлаб қолиш бўйича асосий лойиҳалардан бирини эшкакли қайиқларда (байдарка) сузиб юрувчи кўнгиллилар амалга оширмоқда. Улар ороллар атрофида табиий ҳимоя деворини ҳосил қилувчи чидамли маржон турларини экмоқда ва етиштирмоқда. Соғлом маржон рифлари тўлқинларни қайтаради ҳамда қирғоқ емирилишини секинлаштиради. Бу эса бўронлар пайтида қуруқликни емирилишдан сақлайди.
Ташаббус қатнашчиларининг таъкидлашича, моторли қайиқлардан эмас, байдаркалардан фойдаланиш углерод чиқиндиларини камайтиради. Шунингдек, бу саёз лагуналарни нозик денгиз экотизимига зарар етказмасдан эҳтиёткорлик билан бошқариш имконини беради. Маҳаллий аҳоли экологияни тиклаш Малдивга келажак учун имконият беради деб ҳисоблайди.
“Биз қандай аждод бўлишимизни ўзимиз ҳал қиламиз. Биз ўз уйимизни, меросимизни ҳамда ҳали дунёга келмаган ҳар бир малдивлик боланинг шу қирғоқларда туриш, денгизга қараш ҳамда бизга хос бўлган хавфсизлик ва ҳайратни ҳис қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилмоқдамиз”, дейди маҳаллий резидентлардан бири.
Аввалроқ Малдив оролларида 2007-йилдан кейин туғилганларга сигарет чекиш тақиқлангани ҳақида хабар берилганди. Тақиқ мамлакатга ташриф буюрадиган сайёҳларга ҳам тааллуқлидир.








