Мадриднинг “Реал” клуби “Лейпциг” вингери Ян Диоманде трансферини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида. Томонлар ўртасидаги музокаралар давом этмоқда.
3 август куни “Лейпциг” спорт директори Диоманде трансфери ҳали якунланмагани ва клублар ўртасида якуний келишувга эришилмаганини маълум қилганди.
Журналист Флориан Плеттенбергнинг хабарига кўра, яқин кунларда клублар ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади. “Реал Мадрид” трансферни имкон қадар тезроқ якунлашни мақсад қилган. Клуб Диомандени тез орада тиббий кўрикдан ўтказиб, унинг “Лейпциг”нинг Австриядаги мавсумолди йиғинига қўшилмаслигини истамоқда.
Манбага кўра, музокараларда ижобий силжиш кузатилмоқда. Келаси 24 соат трансфер тақдири учун ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.
Маълумот учун, Ян Диоманде 2025 йилдан буён “Лейпциг” сафида тўп суриб келмоқда. У 2025/26-йилги мавсумда барча мусобақаларда 36 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, Кот-д’Ивуар терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида 4 та ўйинда иштирок этиб, битта голли узатма муаллифи бўлди.
Transfermarkt порталига кўра, 20 ёшли футболчининг айни пайтдаги тахминий трансфер қиймати 90 миллион еврога баҳоланмоқда.








