Халқаро футбол федерацияси (FIFA) президенти Жанни Инфантино ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ҳар бирига 40 миллион доллардан молиявий ёрдам ажратмоқчи. The Times нашрининг хабар беришича, бунинг эвазига ассоциациялар битта шартни бажариши — Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга пуллаш бўйича келишувга “яшил чироқ” ёқиши керак.
Инфантино FIFA’га аъзо бўлган барча 211 та давлат футбол ассоциацияларига махсус хат йўллаб, бу масалада якуний қарорни қабул қилиш учун уларга 53 кун муҳлат берган. Агар лойиҳа кўпчилик томонидан маъқулланса, 2027-йилнинг 1 январидан бошлаб умумий қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлган улкан молия пакети ишга тушади. Ушбу маблағ турнир ҳуқуқларини сотишдан тушган даромад ҳисобига шакллантирилади ва FIFA ҳамда аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб беради.
FIFA раҳбари ўз мактубида сўнгги сўзни барибир ассоциациялар айтишини алоҳида таъкидлаган. Агар давлатлар инвесторлар билан ҳамкорлик қилишни истамаса ҳам, қуруқ қолмайди: бундай ҳолатда FIFA ўзининг аввалги молиялаштириш дастурини сақлаб қолади ва унинг бюджетини қўшимча 2,7 миллиард долларга ошириб беради.
Шунга қарамай, бу ташаббусни ҳамма ҳам илиқ кутиб олгани йўқ. Жаҳон чемпионати ҳуқуқларини ташқи инвесторларга бериб қўйишга кескин қарши бўлган айрим мутахассислар ва манбалар Инфантинонинг ушбу қалин “конвертини” очиқчасига пора таклиф қилиш, дея баҳоламоқда.








