Daryo

Ал-Ақсо масжидига 4200 дан ортиқ исроиллик бостириб кирди (видео)

Исроилликлар муқаддас мажмуада миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир билан биргаликда яҳудий байрами муносабати билан диний маросимларни бажарди.

2 дақиқа ўқиш14 193 кўришлар1 изоҳ3

Исроиллик 4000 дан ортиқ кўчманчи ва ултра-ўнг гуруҳ аъзолари 23 июль куни босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига бостириб кирди. Фаластин расмийларининг билдиришича, бу яҳудийларнинг байрами сабабли юз берган 2026-йилдаги энг йирик бостириб киришлардан бири бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Маълум қилинишича Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам кучли полиция ҳимояси остида ҳудудга кирган. У яҳудийлар байрами — Тиша БъАв муносабати билан у ерга борган. Бу - яҳудийларнинг мотам куни бўлиб, улар у ерда қадимда икки марта вайрон қилинган ибодатхона бўлган деб ишонади. Ушбу жой мусулмонлар учун Ал-Ақсо, яҳудийлар учун эса Маъбад тоғи номи билан танилган.

Қуддус губернаторлигининг Фаластин маъмурияти хабарига кўра, мажмуага ҳозиргача 4288 нафар исроиллик кирган. Губернаторлик бу кўрсаткич қуёш ботгунча ошиши ва 5000 га етиши мумкинлигини билдирди. Бу эса ўтган йиллардаги рақамлардан кўпроқдир.

Фаластин расмийларининг айтишича, Исроил кучлари масжид дарвозаларида қатъий чекловлар ўрнатган. Улар кўплаб фаластинлик ибодат қилувчилар ва талабаларни ичкарига киришдан маҳрум қилган, шунингдек, бир қанча ибодат қилувчиларга ҳужум қилган.

Al Jazeera мухбири Нур Одеҳнинг маълум қилишича, Исроил расмийлари Қуддуснинг Эски шаҳар қисмида жуда қатъий чоралар кўрган. Улар Ал-Ақсо мажмуасига кексалардан ташқари барчанинг киришини тақиқлаган ҳамда Қаландия ва Шарқий Қуддус атрофидаги назорат-ўтказиш пунктларида назоратни кучайтирган.

Қуддус губернаторлигига кўра, исроиллик кўчманчилар мажмуа ичида Талмуд ритуалларини бажарган. Улар сажда қилган, қўшиқ айтган ва ибодат қилган. Исроил ОАВларининг хабар беришича, полиция 23 июль куни 1000 дан ортиқ исроилликка у ерда ибодат қилишга рухсат берган.

Мусулмон бўлмаганларга Исломнинг учинчи муқаддас қадамжосини бориб кўришга рухсат берилса-да, 1967-йилдаги келишувга кўра, у ерда ибодат қилиш тақиқланган. Haaretz газетаси хабарига кўра, Бен-Гвир Тиша БъАв кунида келган яҳудийлар “ўзларини эгадек ҳис қилаётганини” айтган ва у ердаги улкан ўзгаришни олқишлаган.

Қуддус губернаторлиги Бен-Гвирнинг ташрифини хавфли кескинлашув деб баҳолади. Бу у ерда яҳудий ибодатхонасини қайта қуришни тарғиб қилувчи гуруҳларни Исроил ҳукумати расман қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. Фаластин президенти девони мажмуа фақат исломий ибодат жойи бўлиб қолиши ва Исроил у ерда ҳеч қандай ҳуқуқий суверенитетга эга эмаслигини таъкидлади.

Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ушбу хавотирларни қўллаб-қувватлаб, буни халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши деб қоралади. Исроил Шарқий Қуддусни 1967-йилдаги Араб-Исроил урушида босиб олган ва 1980-йилда ўзига қўшиб олган. Бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. Аввалроқ АҚШ ва Исроил Ал-Ақсо масжиди бошқарувини Иорданиядан тортиб олмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар