Европа ва Марказий Осиёда аёллар миграция жараёнларига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. БМТ Аёллар (UN Women) ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, бугунги кунда улар минтақадаги барча мигрантларнинг 54 фоизини ташкил этади.
БМТ Янгиликлар хизмати маълумотларига кўра, Европа ва Марказий Осиёда туғилган 13 миллиондан ортиқ аёл ҳозирда ўз юртидан ташқарида яшамоқда. Шунингдек, минтақанинг ўзида дунёнинг турли нуқталаридан келган 9,5 миллиондан ортиқ аёл мигрант мавжуд. Бу ўзгаришлар қуйидаги омиллар фонида юз бермоқда:
- Украинадаги уруш;
- Жанубий Кавказдаги геополитик ўзгаришлар;
- Ғарбий Болқондаги низоларнинг оқибатлари;
- иқлим ўзгариши оқибатлари (тошқин, қурғоқчилик, ер қимирлаши, сув танқислиги ва аномал иссиқ).
Ҳисоботда таъкидланишича, аёллар энди шунчаки оила аъзоларига эргашиб кетмаяпти. Улар таълим, муносиб иш, хавфсизлик ва иқтисодий имкониятлар излаб мустақил равишда кўчиб ўтишга қарор қилмоқда. Бу эса минтақадаги миграция шакллари тубдан ўзгарганини кўрсатади.
“Европа ва Марказий Осиё бўйлаб аёллар миграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Улар талаба, ишчи, энага, тадбиркор, қочқин ва жамоат етакчиларидир. Баъзан миграция низо ва табиий офатлардан қочиш бўлса, баъзан таълим ва муносиб ишга йўлдир. Сабаби нима бўлишидан қатъи назар, аёллар уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга оладиган хавфсиз ва ҳуқуқий механизмларга лойиқ. Узоқ вақт давомида миграцияга гендер-нейтрал ҳодиса деб қаралди. Лекин миграциянинг аёл қиёфаси бор. Буни тан олиш вақти келди”, деди БМТ Аёллар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Белен Санс-Луке.
Иш билан таъминлаш ва қийинчиликлар
Миграция янги имкониятлар очаётган бўлса-да, аёллар ҳали ҳам уларнинг ҳуқуқлари ва иқтисодий хавфсизлигини чекловчи тизимли тенгсизликларга дуч келмоқда. Олий маълумотли мигрант аёллар ҳам кўпинча ўз мутахассислигига мос иш топишда қийналади. Масалан:
- Шимолий Македониядан келган мигрант аёлларнинг деярли 45 фоизи;
- албаниялик мигрант аёлларнинг 50 фоизи;
- косовалик мигрант аёлларнинг 55 фоизи ҳозирги ишидан кўра юқорироқ малакага эга.
Мигрант аёллар асосан кам тўланадиган ва барқарор бўлмаган ишларда қолмоқда. Европа давлатларида аҳолининг қариши сабабли уй парвариши, қарияларга қараш, меҳмонхона бизнеси ва чакана савдо соҳаларида аёл мигрантларга талаб ортмоқда.
Қирғизистондан келган аёл мигрантларнинг 30 фоизи, Тожикистондан келганларнинг эса 50 фоизи айнан шу соҳаларда ишлайди. Бу соҳаларда бандлик кўпинча расмийлаштирилмайди, кам ҳақ тўланади ва деярли ҳимояланмаган. Бу эса эксплуатация, хавфли меҳнат шароитлари ва гендерга асосланган зўравонлик хавфини оширади. Туркияда аёллар мигрантларнинг сезиларли қисмини ташкил этса-да, берилган иш рухсатномаларининг атиги 27,2 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Одам савдоси
Ҳисоботда одам савдоси яширин инқироз бўлиб қолаётгани қайд этилади. 2022-йилда аниқланган одам савдоси қурбонларининг
- Албанияда 74 фоизини;
- Косовода 93 фоизини;
- Черногорияда 81 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этган.
Ҳисобот муаллифлари ҳукуматлар ва халқаро ҳамкорларни гендер омилини ҳисобга олувчи миграция сиёсатини яхшилашга чақирмоқда. Тавсия этилаётган чоралар сирасига хавфсиз ва қонуний миграция йўлларини кенгайтириш, мигрант аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва ҳоказолар киради. Аввалроқ БМТ Ўзбекистонни сув соҳасидаги энг илғор уч давлат қаторига киритгани ҳақида хабар берилганди.








