Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи Яман ҳусийлари 20 июль куни Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадаси жорий этди. Бу ҳақда гуруҳ ҳарбий матбуот котиби телевидение орқали қилган чиқишида маълум қилди. Блокада баёнат эълон қилинган вақтдан эътиборан дарҳол кучга кирди.
“Жиноятчи Саудия душманига қарши қонга қон принципи асосида денгиз эмбаргоси эълон қиламиз. Ушбу баёнат берилиши билан блокада дарҳол кучга киради”, дейилади гуруҳ хабарида.
Ҳусийларнинг таъкидлашича, тегишли чора Саудиянинг ҳаракатларига жавобдир. Уларнинг айтишича, Саудия Арабистони деярли 12 йилдан бери Яман халқига нисбатан адолатсиз ва золимона қамални давом эттирмоқда. Шунингдек, Ар Риёд мамлакат ресурсларини талаётгани ҳамда портлар ва аэропортларни қуруқлик, денгиз ва ҳаво орқали тўлиқ блокадада ушлаб тургани айтилди.
Ўтган ҳафтада ҳусийлар Саудия Арабистонига ракеталар учирган. Бунга қиролликнинг ҳусийлар назоратидаги аэропортга берган зарбаси сабаб бўлган. Оқибатда Саудия ва гуруҳ ўртасидаги тўрт йиллик сулҳ бузилди.
Ушбу ракетали ҳужумлар 2022 йил март ойидан бери ҳусийлар томонидан Саудия Арабистонига қарши амалга оширилган биринчи расмий жавоб бўлди. Ўшанда ҳусийларнинг Саудия энергетика инфратузилмасига қилган ҳужумларидан сўнг норасмий сулҳ кучга кирган эди.
Яман пойтахти Сана ва мамлакат шимолининг катта қисми, жумладан, Қизил денгизнинг ғарбий соҳилидаги Ҳудайда порт шаҳри Эрон билан иттифоқчи ҳусийлар томонидан назорат қилинади. Саудия Арабистони ва кўрфазнинг бошқа давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳукумати эса жанубий қирғоқдаги Адан шаҳрида жойлашган.








