Мадриднинг “Реал” клуби собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан Франция терма жамоасида бирга ишлайдиган мураббийлар штаби таркибини шакллантирган. Бу ҳақда таниқли журналист ва инсайдер Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Аввалроқ Зидан Франция футбол федерацияси билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришган эди. Томонлар мундиалдан сўнг барча зарур ҳужжатларни имзолаши кутилмоқда.
Франциялик мутахассис терма жамоани УЕФА Миллатлар Лигаси, Евро–2028 ва 2030 йилги FIFA Жаҳон чемпионатига тайёрлайди.
Зидан бунгача фақат клуб футболида фаолият юритган. У “Реал Мадрид”ни 2016–2018 ва 2019–2021 йилларда бошқариб, клуб билан уч марта УЕФА Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлди. Шунингдек, икки бор Испания чемпионлигини қўлга киритди ва яна қатор халқаро совринларни ютди.
Амалдаги бош мураббий Дидье Дешам 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг учинчи ўрин учун баҳсидан сўнг Франция терма жамоасини тарк этади. Французлар 19 июлга ўтар кечаси ушбу учрашувда Англия терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Дешам 2012 йилдан буён Франция терма жамоасини бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида Франция 2018 йилги Жаҳон чемпионати ғолибига айланган.








