Daryo

Трамп буйруғи билан Эронга навбатдаги зарбалар берилди (видео)

Бандар Аббос порти, Сирик шаҳри, Қешм ороли ва Жаск шаҳрида портлашлар қайд этилди. Эрон ҳужумга жавобан АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларини нишонга олди.

2 дақиқа ўқиш9 473 кўришлар0 изоҳ6

АҚШ президенти Дональд Трампнинг буйруғи билан 13 июлга ўтар кечаси Эронга зарбалар берилди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар берди.

Ҳужумдан мақсад Эроннинг Ҳормуз бўғози орқали ўтаётган денгизчилар ва тижорат кемаларига ҳужум қилиш қобилиятини сусайтириш ҳисобланади.

“Олий бош қўмондон Эрон режимини жиловлаш учун бу зарбаларни амалга оширишга буйруқ берди”, дейилади CENTCOM хабарида.

Ҳужум оқибатида Бандар Аббос порти, Сирик шаҳри, Қешм ороли, Бушер вилояти, шунингдек, Ҳормуз бўғози ҳудудидаги Жаск шаҳрида портлашлар қайд этилган. Ҳукуматга қарашли Меҳр ахборот агентлиги Қешм оролида бир киши ҳалок бўлгани ва икки киши яралангани ҳақида хабар берди.

Эрон АҚШнинг 11 июль куни амалга оширган ҳужумлари туфайли Ҳормузни ёпиб қўйган. Бироқ CENTCOM ва Трампнинг ўзи бу маълумотни рад этмоқда.

“Эрон бўғозни назорат қилмайди. Кемалар қатнови давом этмоқда”, дейилади АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотида.

АҚШ зарбаларига жавобан Эрон қўшни давлатларга ҳужум қилди

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) АҚШнинг Иорданиядаги авиабазасига ракета ва дронлардан фойдаланган ҳолда муваффақиятли зарбалар берганини маълум қилди. Баҳрайндаги бир қатор объектлар, жумладан, Америка ҳарбийларининг операцияларини бошқариш ва назорат қилиш маркази зарар кўрди. Иорданиядаги шаҳзода Ҳасан авиабазасида бир нечта йирик ракета омборлари ва ёнилғи баклари ёнди.

“ИИҚК вертолётларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича муҳим марказларни, P-8 радиоэлектрон жанговар самолётлари учун ангарларни ва дронлардан фойдаланиб АҚШ ҳарбийларининг Шайх Исадаги базасидаги операцияларни бошқариш ва назорат қилиш марказини йўқ қилди”, дейилади хабарда.

АҚШ 12 июлга ўтар кечаси ҳам Эрондаги 140 га яқин ҳарбий объектга, жумладан, ракета ва дрон омборлари ҳамда алоқа марказларига зарба берганди. Бу Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги GFS Galaxy контейнер кемасига ўт очганига жавоб бўлган. Эрон томони мазкур кема тасдиқланган йўналиш бўйича ҳаракатланмагани учун “огоҳлантирувчи ўқлар” узилганини билдирган.

Ўшанда АҚШ зарбаларидан сўнг Эрон Форс кўрфази давлатлари ва Иорданияга ҳужум қилди. АҚШнинг Қатардаги Ал Удейд авиабазаси, шунингдек, Америка авиаташувчи кемалари фойдаланадиган Уммондаги Дукм порти ҳам ҳужумга учради. 

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар