Россия ва Украина 11 июль куни бир-бирларининг ғалла экспорти учун муҳим бўлган портларига зарбалар берди. Мазкур ҳолат буғдой нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Украина дронлари Азов денгизидаги Таганрог кўрфазида тўртта кемани нишонга олган. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар кемалар орасида метанол ташийдиган танкер ҳам бўлгани, бироқ тўкилиш ёки сизиб чиқиш хавфи йўқлигини айтди. Ҳужум оқибатида кемалардан бирининг бортидаги денгизчи ҳалок бўлган.
Россия мазкур ҳужумлардан сўнг Азов—Дон канали орқали кемалар қатновини тўхтатган. Қора ва Азов денгизларини боғловчи Керч бўғози ҳам ёпилган. Украина ҳужумларидан сўнг юк ташишда юзага келиши мумкин бўлган узилишларни баҳолаган трейдерлар ортидан буғдой нархи кескин кўтарилди.
“Умумий ҳисобда Украина бир кечада Азов денгизидаги Россия флотининг 28 та кемасига, жумладан, танкерлар ва қуруқ юк кемаларига зарба берди”, деди “Мадяр” номи билан танилган Украина дрон бўлинмаси қўмондони Роберт Бровди.
У 6 июлдан бери жами 76 та кема зарбага учраганини айтди. Россия Азов денгизидаги портлардан хом нефтьини экспортга юклаш учун фойдаланилмайди. У ердаги танкерлар асосан Россия томонидан эгаллаб олинган Қрим ва унинг атрофидаги ҳудудларга нефть маҳсулотларини ташийди, бу ёзда мазкур ҳудудларда ёнилғи танқислиги кузатилмоқда.
Россия ҳам Украина портларини нишонга олди
Россия кучлари 10 июль куни Киевга зарбалар берди, оқибатда Украина пойтахтида 11 киши жароҳатланди. Ушбу ҳужум бир нечта вилоятлар бўйлаб йўлланган 120 та дрон ва 12 та ракетадан иборат ялпи зарбаларнинг бир қисми бўлган.
“Нишонлар орасида Украинанинг Одесса вилояти, жумладан, Қора денгиздаги Одесса ва Черноморск портлари, шунингдек, Дунай дарёсидаги Измаил порти ҳам бор”, дея маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги. Улар ҳужумдан мақсад урушга алоқадор инфратузилмаларни йўқ қилиш бўлганини даъво қилди.
Одесса ва Черноморск Украинанинг дон экспорти учун асосий марказлар ҳисобланади. Измаил эса Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг анъанавий юк ташиш йўллари издан чиққач, муҳим экспорт марказига айланганди. Одесса вилояти губернатори Олег Кипер 10 июль куни кечқурун Кремль кучлари ҳудудга қанотли ракеталар билан зарба бериб, порт инфратузилмасини нишонга олганини айтди.








