Daryo

АҚШда автомобилда қолдирилган икки ёшли қизча вафот этди

Энагасининг қарамоғида бўлган бола машинада қанча вақт қолгани маълум эмас.

1 дақиқа ўқиш4 672 кўришлар0 изоҳ1

АҚШнинг Флорида штатида машина ичида қолиб кетган 2 ёшли қизча иссиқдан вафот этди. CBS News’нинг хабар беришича, у энагасининг қарамоғида бўлган.

Воқеа Маямидан 32 километр шимолда жойлашган Ҳалландейл Бич шаҳрида содир бўлган. 5 июль куни соат 13:35 ларда полиция ходимлари чақирув бўйича уйлардан бирига етиб келган ва миниван (микроавтобус) ичидан қизчани топган.

Ўша куни шаҳарда ҳаво ҳарорати 38 даражагача кўтарилган. Бола зудлик билан шифохонага олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Қизчанинг машина ичида қанча вақт қолиб кетгани ҳозирча номаълум. Полициянинг билдиришича, прокурорлар ҳозирда ишни ўрганмоқда. Ҳозирча ҳеч кимга нисбатан расмий айблов эълон қилинмаган.

“Бу жуда оғир ва қайғули жудолик. Биз бола оиласининг ва бу фожиадан жабр кўрган барчанинг қайғусига шерикмиз. Шунингдек, барча ота-оналар, васийлар ва энагаларни яна бир бор огоҳлантирамиз: машинани қулфлаб кетишдан олдин ҳар доим орқа ўриндиқни текширинг”, дейилади полиция баёнотида.

KidsAndCars.org нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, бу АҚШда 2026 йилда иссиқда машина ичида қолиб кетиш оқибатида ҳалок бўлган камида 10-боладир. 2025 йилда мамлакат бўйлаб шу каби ҳолатлар туфайли камида 37 нафар бола ҳаётдан кўз юмганди.

Аввалроқ АҚШда аномал иссиқдан 25 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Энг кўп ўлим ҳолатлари Нью Жерси штатида қайд этилган. 22 та ҳолат, асосан 30 ёшдан 80 ёшгача бўлган одамлар орасида кузатилган. Яна бир ўлим ҳолати Кук округида (Иллинойс штати) тасдиқланган. Миссисипида иссиқ уришидан 74 ёшли эркак, Болтон шаҳрида (Массачусетс штати) эса 83 ёшли аёл вафот этган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар