Жазоир футбол федерацияси ЖЧ-2026 доирасидаги Аргентина ва Жазоир терма жамоалари ўртасидаги учрашувда полшалик бош ҳакам Шимон Марчиняк томонидан йўл қўйилган хатолар юзасидан FIFA’га расмий шикоят аризасини киритди. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Жазоир федерацияси аризада аргентиналик футболчилар томонидан содир этилган ва жазосиз қолган иккита жиддий қўполликни алоҳида кўрсатиб ўтган. Биринчи вазият — учрашувнинг 31-дақиқасида Аргентина ҳужумчиси Лионель Мессининг Жазоир ҳимоячиси Айсса Мандининг болдир қисмига берган зарбасидир. Бутса тишлари билан очиқчасига зарба берилганига қарамай, Марчиняк ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмаган.
Иккинчи ҳолатда ҳакамнинг хатоси сифатида 74-дақиқада аргентиналик ярим ҳимоячи Алексис Макаллистернинг жазоирлик ярим ҳимоячи Иброҳим Мазанинг юз қисмига тирсак билан берган зарбаси кўрсатилган. Ушбу вазиятда Жазоир вакили майдонга йиқилган бўлса-да, пенальти белгиланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни бўлиб ўтган учрашув 3:0 ҳисобида Аргентина фойдасига ҳал бўлган эди. Жамоа сардори Лионель Месси 17, 60 ва 76-дақиқаларда гол уриб, хет-трик қайд этган. Гуруҳ босқичи 1-тур натижаларига кўра, Аргентина ва Жазоир “J” гуруҳида мос равишда биринчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаб туришибди.








