АҚШнинг Атланта шаҳридаги “Mercedes-Benz” стадионида футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати “А” гуруҳининг 2-туридан ўрин олган Чехия ҳамда Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. Қизиқарли кечган баҳсда ғолиб номи аниқланмади — 1:1.
Учрашувнинг дастлабки қисми европаликларнинг устунлигида бошланди. Ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ чехиялик ярим ҳимоячи Михал Садилек рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Ушбу ҳисоб ўйин охиригача сақланиб қолаётган эди. Бироқ учрашув якунланиши арафасида, аниқроғи 83-дақиқада Чехия терма жамоаси футболчиси ўз жарима майдончасида тўпга қўл билан ўйнади ва бош ҳакам иккиланмасдан пенальти белгилади. ЖАР ярим ҳимоячиси Тебоҳо Мокоэна эса 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, африкаликларни мағлубиятдан қутқариб қолди — 1:1. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади.
Эслатиб ўтамиз, “А” гуруҳининг 1-турида Чехия терма жамоаси Жанубий Кореяга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, ЖАР терма жамоаси Мексикадан (0:2) мағлубиятга учраган эди. Ушбу дуранг натижасида ҳар икки жамоа ўзининг мусобақадаги дастлабки 1 очкосини қўлга киритди, аммо плей-оффга чиқиш вазифасини янада қийинлаштириб юборди.
Гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи 3-турида Чехия терма жамоаси Мексикага қарши майдонга тушади, жанубий африкаликлар эса Жанубий Корея билан куч синашади.








