Daryo

Опция. Жамшид Искандеровни таркибга жойлаштириш мумкинми?

Жамшид Искандеров терма жамоада кўпроқ ўйин амалиётига лойиқми? “Дарё” колумнисти Қаҳрамон Асланов мақоласида тажрибали ярим ҳимоячининг жамоага бериши мумкин бўлган фойдаси, амалдаги тактик схемадаги ўрни ва унинг учун қандай вариантлар мавжудлиги ҳақида сўз юритади.

7 дақиқа ўқиш26 161 кўришлар1 изоҳ56

Нидерландияга қарши ўйинда захирадан қўшилиб, яхши таассурот қолдирган Жамшид Искандеровни, албатта, терма жамоа сафида кўпроқ кўргимиз келади. У Суперлига чемпиони бўлган “Нефтчи”нинг етакчи футболчиси, умуман терма жамоамиз сафидаги аввалги ўйинларда ҳам ёмон таассурот қолдирмаган. Хусусан, Жаҳон чемпионати саралашидаги Қатарга қарши ўйинни эсланг, айнан Жамшиднинг таркибга қўшилиши ўйин назоратини ўз қўлимизга олиш ва икки тўп фарқини йўққа чиқаришда аҳамият касб этганди. Сўнгги йилларда терма жамоамизни бошқарган ҳар бир мураббий уни мунтазам йиғинларга жалб қилиб келган, аммо Сречко Катанец томонидан асосий схемамиз 5-2-3 га айлангач, Искандеровга жой топилиши иложсиз бўлиб қолмоқда. Келинг, биз уни ушбу таркибга қўшишга уриниб кўрамиз.

Терма жамоамиз Катанецда ҳам, Кападзе ва Каннаваро бошқарувида ҳам бир хил — тўп билан 5-2-3 (3-4-3), ҳимояланаётганда эса 5-4-1 схемасида ҳаракат қилиб келмоқда.

Бу схемада Жамшид Искандеров фақат марказдаги жуфтлик ўрнида, яъни ё Шукуров ёки Ҳамробеков ўрнида ҳаракат қилиши мумкин. Искандеровнинг асосий хусусияти, яъни майдонга тушганда жамоага қўша оладиган жиҳатлари — тўп назорати, ўйин темпини бошқариш, баъзи ўткир паслар орқали ҳужумчиларга узатмаларни амалга ошириш. Канадага қарши ўйинда Каннаваро айнан шу жиҳатларда оқсаганимизни билгандирки, Нидерландияга қарши учрашувда Ҳамробеков ўрнида Мозговойни синаб кўрди. Нега Жамшид эмас? Сабаби, Акмал ҳимоявий функцияларни бажариш, қора ишларни қилишда Жамшиддан устунроқ. 5-2-3 нинг асосий хусусияти ҳам шу, майдон марказидаги жуфтликка жуда катта оғирлик тушади — бу позицияда тўп сурадиган футболчилар рақиб ҳужумларини бузишда ҳам, ҳужумларни бошлашда ҳам тўп назоратида кучли бўлишлари керак. Искандеров эса плеймейкер, майдонда эркинроқ бўлганда, баъзи ҳимоявий вазифалардан озод қилинганда самаралироқ бўлади.

Албатта, 5-2-3 да ҳам марказий ярим ҳимоячилардан бирига кўпроқ эркинлик бериш мумкин, аммо у ҳолда унинг шериги ўта ҳимоявий, жуда кўп жисмоний ҳаракат қиладиган, чарчамайдиган бўлиши керак. Мисол учун, Томас Тухель “Челси”да Жоржиньога орқароқда ўйинни бошқаришни топширганда, унинг ёнида шерик бўлиб ё Ковачич ёки Нголо Канте ўйнаганди.

Искандеровга шерик сифатида Шукуров мос келмайди — аслида Шукуровнинг ўзи қисман Жамшидга мосроқ вазифаларни амалга оширади, яъни Шукуровнинг ўзига аслида Ҳамробеков каби шерик керак. Искандеров — Ҳамробековни қўйиш эса имконсиз, зеро Отабекнинг терма жамоадаги ўрни катта ва у захирада қолишини тасаввур қилиб бўлмайди.

Эсингизда бўлса, Вадим Абрамов Осиё—2011 да кўпчилик учун кутилмаганда Одил Аҳмедовни марказий ҳимояга қўйган, Максим Шацких эса қанот ҳужумчиси сифатида ўйнаганди. Ўша пайтлари “Бунёдкор”да доимий ҳаракат қиладиган Ҳайдаров / Жепаров / Кападзе учлигини бузиб қўймаслик, Гейнрих ва Аҳмедовдан ҳам фойдаланиш учун мана шундай экспериментлар қилинган. Гўёки, Шукуров — Искандеров жуфтлигини марказга қўйиш идеал ечим бўларди, аммо бунинг учун бошқа чизиқлардаги керакли ижрочилар керак. Мисол учун, 5-2-3 да Искандеровга бир оз эркинлик бериш мумкин, у ҳолда марказий ҳимоячилардан бири доимий равишда таянч зонасига чиқиши ва рақибда пайдо бўладиган ортиқча футболчини ёпиши керак бўлади. Шунингдек, ҳужум бошланаётганда Искандеров олдинроқда жойлашади, марказий ҳимоячилардан бири эса Шукуров билан бир чизиқда билд-апга ёрдам беради.

Мисол сифатида, “Манчестер Юнайтед”да худди шу схема Бруно — Каземиро жуфтлигида баъзан самарали бўлганини келтириш мумкин. Бу ерда Искандеров ролида айнан Бруно Фернандеш — ҳимоявий интизоми бўлмаган, кўпроқ олдинги чизиққа чиқиб туриши керак бўлган плеймейкер. Каземиро эса ёши каттароқ, аввалгидек тезкор ҳам эмас. Қачонки, марказий ҳимояда Лисандро Мартинес ўйнаган пайтларда Брунога осонроқ бўлган, аргентиналик ҳимоячи ҳам пайдо бўладиган бўш зоналарни тўлдиришда, ҳам ҳужумларни бошлашда Каземирога шерик бўлганди. Лисандро жароҳат олган пайтларда, муаммо пайдо бўлган.

Афсуски, айни пайтда таркибимиздаги марказий ҳимоячилар Лисандро вазифасини бажара олишмайди. Ҳусанов, Ўрозов, Ашурматов — кўпроқ курашувчи ҳимоячилар. Абдуллаев эплаши мумкин, қай даражада, номаълум. Агар Ҳусниддин Алиқулов бўлганида, балким бу вариантни кўриб чиқиш мумкин бўларди. Алиқуловда яхши биринчи пас бор, бемалол ҳужумларни бошлаш учун таянч зонага ўтиши, ва ҳатто баъзида ўнг қанот ҳимоячиси (Алижонов ёки Сайфиев) ўрнини эгаллаб, унинг марказга ўтишига шароит яратиши мумкин. Албатта, буларнинг ҳаммаси, биринчидан, жуда катта тактик тайёргарлик ва мос ижрочиларни талаб қилади, иккинчидан, бу экспериментлардан келадиган самара, яъни Искандеровнинг майдонда бўлиши каттароқ бўлишига ишонч лозим. Яъни Жамшиднинг иқтидори ва ўйнаш услубига фанат бўлган, айнан у орқали жамоани қуришни истайдиган мураббий керак.

Орқа чизиқни бузмасдан туриб ҳам Жамшид Искандеровни асосий таркибга қўшишнинг иложи бор.

Бу вариантда Аббос Файзуллаев ва Остон Ўруновлардан биридан воз кечишга тўғри келади.

Аббос Файзуллаев ҳозирги таркибимиздаги энг фойдали футболчилардан бири, ҳатто шу белгиланган позицияга ҳам Искандеровдан мосроқ бўлиши мумкин. Унинг Искандеров фойдасига захирада қолишини тасаввур қилиш қийин.

Остон Ўрунов бир оз баҳсли ва айни дамдаги спорт формаси унчалик қониқтирмаётган бўлса-да, у каби футболчининг асосий таркибда бўлиши муҳим. Эътибор берган бўлсангиз, аксарият ҳужумларимиз вертикал тус олмоқда ва, айниқса, дарвозабон ва ҳимоячилардан олдинги чизиққа етказиб берилган тўп учун Элдор Шомуродов курашмоқда. Элдор бундай ҳолатларда тўпни эгаллаб олиши ва рақиб дарвозасига орқа турган ҳолатда ҳам ҳужумларни ривожлантиришга уста. Бунинг учун эса Остон каби очиқ зоналарни тўлдирадиган, дриблинг орқали ҳужумни давом эттириши мумкин бўлган профилга эҳтиёж сезамиз. Аббос агар тоза тўпларда ўйнаса, бошқа ҳолатлар учун Ўрунов бор. Буни худди “Бавария”даги учликка қиёслаш мумкин — Кейн ҳужумдаги диспетчер, Олисе тоза тўпларни қабул қилиб, ҳужумни ривожлантиради, яъни Файзуллаев, Ўрунов эса Диас каби рақиб ҳимоясига босим қилиш, жисмоний курашлар ва иккинчи тўпларни эгаллаш учун керак бўлади. Терма жамоада Ўруновнинг ролини қисман Ҳамдамов бажариши мумкин, холос, Искандеровни Ўруновга алмаштириш эса таркибдаги балансни бузиб юборади. Элдор Шомуродов ҳужумда умуман ёлғизланиб қолиши мумкин.

Яна бир радикал вариант бор — 4 ҳимоячи билан ўйнаш. Искандеровни ярим ҳимоячи ё ҳужумчилар билан алмаштириш имконсиз экан, айни пайтдаги энг муаммоли ҳимоя чизиғидаги футболчи билан рокировка қилиш мумкин.

Фото: СИ ёрдамида ясалган расм

Бу бизга нима бериши мумкин?

5-2-3 схемаси аслида позицион ҳужумлар учун самаралироқ, сабаби, қанотдаги икки ҳимоячи ҳужумда фаол тарзда қўшилиши оқибатида горизонтал устунликка эга бўлинади — бир чизиқда 5 футболчи билан ҳужум қилиш имкони бор. Рақиб кўпчилик бўлиб ҳимояланаётган пайтда тўпни назорат қилиш, ҳам икки қанотда, ҳам ярим қанотда биттадан футболчи жойлашиши натижасида ҳимояни ёриб киришда бўш зоналар пайдо бўлади. Лекин тан олиш керак, гуруҳдаги рақибларимиз бизга кўпчилик бўлиб узоқ давом этадиган позицион ҳужумлар қилиш имконини бермайди, шунингдек, Сайфиев ёки Насруллоевни ҳужумда ўта самарали деб ҳам айта олмаймиз. Аксинча, айниқса, Колумбия ва Португалияга қарши қўрқув бўлади ва ҳимоячилар олдинга фаол ўтиб, кутилган ҳажмни бера олишмаса керак. Бу ҳолда 5-2-3 дан керакли самарани ололмаймиз, марказда сон жиҳатдан ютқазиб ҳам қўямиз.

Иккинчидан, 5-2-3 да биз кўнгилдагидек прессинг қила олмаяпмиз. Олдинги учлик фаол прессинг қилгани билан, марказдаги футболчиларимиз уларни қувватлай олишмаяпти, чунки ортда очиқ зоналар вужудга келади. Қуйи блокда ўйналса, рақибга майдон марказида эркинроқ ҳаракат қилишга имконият берамиз. Марказда қўшимча футболчининг бўлиши ҳеч бўлмаса, сон жиҳатдан ютқазмаслигимизни таъминлайди.

Учинчидан, ўнг қанотимизда муаммолар бор. Алижонов қандай ҳолатда бўлиши номаълум, унинг ўрнини босиши мумкин бўлган Сайфиев ҳам жароҳат олди. Абдуқодир Ҳусанов эса “Манчестер Сити”да бу позицияда ўйнаш тажрибасига эга.

Тўртинчидан, Колумбия Диасни чап қанотида изоляция қилади — яъни тўпни кўпроқ ўнгда ушлаб турган ҳолда кўпчиликни тортиб, кейин Диасга тўпни етказиб бериш орқали ҳимоячи билан бирга-бир қолдиришга уринишади. Бернарду Сильва агар Португалия ўнг қанотида ўйнайдиган бўлса, худди шу ҳолат яна такрорланади — Леао ёки Нету орқали чап томондан тезкор ҳужумлар қилиши мумкин. Бундай синовга таркибимизда Абдуқодир Ҳусановдан бошқаси дош бера олмайди. Тўрт ҳимоячига ўтиб, Ҳусановни ўнг қанотга қўйиш орқали яна бир қуённи уришимиз мумкин.

Фото: Фото: ЎФА

Тўғри, узоқ йиллар бир хил схемада ўйнаган жамоани бирданига ўзгартириб юбориш осон эмас. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, терма жамоамиз шундоқ ҳам баъзи ўйинларда (Қатар уч тайм, масалан) тўрт ҳимоячи билан ўйнаган, таркибдагиларга ҳам бу схема бегона эмас. Яъни баъзи футболчилар фақат 5-2-3 да самарали, холос, деб хулоса бера олмаймиз.

Майли, балким ҳеч нарса ўзгармас, Каннаваро Канада ва Нидерландияга қарши ўйинлардаги хулосалар орқали, айнан ўша услуб ва схемани машғулотларда кучайтиришга ҳаракат қилар. Аммо бир опсия сифатида 4-2-3-1 нинг ҳам бўлиши, қандайдир сценарийлар, балким бизни фақат ғалаба қониқтириши мумкин бўлган Конгога қарши ўйинда синаб кўрилиши зарар қилмаса керак.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар