Канадада йирик авиация можароси юзага келди. Air Canada авиакомпаниясининг собиқ капитани Жефри Уолл 17 йил давомида керакли учувчилик лицензиясисиз юзлаб парвозларни амалга оширганликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар бермоқда.
Онтарио провинциясининг Пил минтақаси полицияси маълум қилишича, 59 ёшли Уоллга нисбатан тўрт ой давом этган тергов якунида фирибгарлик ва бошқа бир қатор жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган.
Тергов маълумотларига кўра, у 2009–2025 йиллар оралиғида сохта учувчилик ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда 900 дан ортиқ ички ва халқаро рейсларни амалга оширган.
Полиция Уолл Air Canada ҳамда фуқаро авиацияси назорат органларини ўз малакаси ҳақида чалғитганига оид далилларни қўлга киритганини билдирди.
Маълум бўлишича, у амалдаги тижорий учувчи лицензиясига эга бўлган, бироқ йўловчи самолётлар капитани бўлиш учун талаб этиладиган энг юқори даражадаги авиатранспорт лицензиясини олмаган.
Собиқ капитанга нисбатан фирибгарлик, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш ва ёлғон маълумот тарқатиш бўйича бир неча айблов илгари сурилган.
Пил полицияси бошлиғи Нишан Дураиаппанинг айтишича, бу иш жамоатчилик ишончи ва авиация хавфсизлигига оид жиддий саволларни келтириб чиқармоқда.
“Айбловлар тасдиқланса, гумонланувчи 900 дан ортиқ ички ва халқаро рейс давомида юз минглаб йўловчиларни хавф остига қўйган бўлади”, деди у.
Бироқ Air Canada йўловчилар хавфсизлиги бузилмаганини таъкидлади. Авиакомпания маълумотига кўра, барча учувчилар ҳар олти ойда малака синовларидан ўтади, шунингдек, йилига камида бир марта сертификатланган инструктор билан парвоз текширувини топширади.
Компания Уолл барча амалий синовлардан муваффақиятли ўтганини ва йирик йўловчи самолётларини хавфсиз бошқариш бўйича юқори малакани намойиш этганини қайд этди.
Air Canada мазкур ҳолат аниқлангач, учувчини дарҳол парвозлардан четлатганини ва воқеа ҳақида ихтиёрий равишда Канада транспорт идораларига хабар берганини маълум қилди.








