Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Нидерландяга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Нью Йорк шаҳридаги “Icahn” стадионида ўтказилган баҳсда 2:1 ҳисоби қайд этилди.
Учрашувнинг биринчи бўлими асосан “учар голландлар” назорати остида ўтди. Ўйиннинг 31-дақиқасида ўзбекистонлик ҳимоячи Жаҳонгир Ўрозов рақиб ҳужумчисига нисбатан жарима майдони Ичида қўполлик ишлатди. Белгиланган пенальтини 32-дақиқада Коди Гакпо голга айлантирди ва ҳисобни очди.
Шундан сўнг, “оқ бўрилар” фаолликни оширди. Бироқ биринчи бўлимда дарвозалар бошқа ишғол этилмади. Иккинчи бўлим асосан тенг кураш остида кечди. 86-дақиқада нидерландиялик футболчи тўпни қўл билан ўйнагани учун майдондан четлатилди. Белгиланган жарима зарбасидан Отабек Шукуров унумли фойдалана олмади.
Учрашувнинг қолган дақиқаларида Ўзбекистон терма жамоасининг устунликка эришди. 90+1-дақиқада Игор Сергеев рақиб дарвозасини ишғол этди ва ҳисобни тенглаштирди — 1:1. 90+7-дақиқада Нидерландия пенальтидан киритилган гол эвазига ғалабани илиб кетди. Коди Гакпо зарбани аниқ амалга ошириб, дубль муаллифига айланди — 2:1.
Шу тариқа, “оқ бўрилар” Жаҳон чемпионати олдидан ўтказилган сўнгги учрашувда имкониятни бой берди.
Маълумот учун, Нидерландия айни вақтда FIFA рейтингида 8-ўринни эгаллаб турибди (1753 очко). 1458 очкога эга Ўзбекистон эса 51-ўринда қайд этилган.
Ўртоқлик учрашуви
Нидерландия — Ўзбекистон 2:1
Гол: 1:0 — Гакпо (32, пен.), 1:1 — Сергеев (90+2), 2:1 — Гакпо (90+7, пен.)
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги илк ўйинини Мексикада ўтказади, қолган икки учрашув эса АҚШдаги стадионларда бўлиб ўтади. “Оқ бўрилар” 18 июнь куни биринчи турда Колумбияга қарши майдонга тушади. Ушбу учрашувга Мексика пойтахтидаги “Ацтека” стадиони мезбонлик қилади.
Жамоа иккинчи тур доирасида 23 июнь куни Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси билан ўйнайди. Мазкур беллашув АҚШдаги “Хюстон” стадионида ўтказилиши белгиланган. Гуруҳдаги сўнгги учрашув 28 июнь куни “Атланта” стадионида Конго Демократик Республикасига қарши бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Нидерландия ўртоқлик учрашуви якунланганидан сўнг 30 дақиқадан иборат қўшимча иккита бўлим ўтказилади. Кам ўйин амалиётига эга бўлган футболчилар иштирокидаги қўшимча бўлимлар ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтади.








