Австралияда мамлакат тарихидаги энг йирик рейд ўтказилиб, селекционердан сақлаш тақиқланган 100 мингдан ортиқ тирик суварак тортиб олинди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Мусодара қилинган Мадагаскар вишилдоқ сувараклари ва дубиа суваракларининг умумий қиймати 200 минг Австралия доллари (142 000 АҚШ доллари)га тенг. Австралия иқлим ўзгариши, энергия, атроф-муҳит ва сув хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, рейд май ойида ўтказилган. Ноқонуний ҳашаротлар Янги Жанубий Уэлс штатининг Батерс шаҳрида яшовчи тадбиркор селекционердан топилган.
Мадагаскар вишилдоқ сувараги дунёдаги энг катта суварак турларидан бири ҳисобланади. Унинг узунлиги 5—8 сантиметргача етади. Вазирлик эълон қилган фотосуратларда одам бармоғидан ҳам катта, хатто кафтдек келадиган, ялтироқ, жигарранг ҳашаротни кўриш мумкин.
Бу тур Австралияда кенг тарқалган оддий сувараклардан анча йирик. Оддий суваракларнинг узунлиги 2,3 дан 3,6 сантиметргача бўлади. Субтропик иқлим туфайли Австралияда сувараклар жуда тез кўпаяди. Мамлакатда уларнинг юзлаб маҳаллий турлари яшайди.
Батерслик илон овчиси Стефани Лессернинг ABC’га айтишича, бу йирик ҳашаротлар рептилиялар учун арзон озуқа сифатида сотилган бўлиши мумкин. Чунки улар катта бўлгани учун калтакесакларни боқишга камроқ ҳашарот талаб этилади. Расмийлар уй ҳайвонлари эгаларига калтакесакларини боқиш учун чигиртка ёки маҳаллий ўрмон суваракларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Мадагаскар вишилдоқ сувараги ва дубиа суваракларини Австралияга олиб кириш қонунан тақиқланган. Вазирлик баёнотига кўра, уларни қандай йўл билан қўлга киритишдан қатъий назар, сақлаш, кўпайтириш ёки сотиш мутлақо мумкин эмас.
Австралия қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик тармоқлари ва маҳаллий табиатини турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун қатъий биологик хавфсизлик назоратига эга. Мамлакатга декларация қилинмаган ёки ноқонуний ҳайвонлар, ҳашаротлар ва ўсимликларни яширинча олиб кирганлар минглаб доллар жаримага тортилиши мумкин.
Баёнотда айтилишича, экзотик сувараклар атроф-муҳит учун хавфсизлик текширувидан ўтмаган. Улар касаллик тарқатиши ёки маҳаллий табиатга зарар етказиши мумкин. Расмийлар ушбу ҳашаротлар билан қўлга тушган шахслар
жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, селекционерга нисбатан ҳозирча расмий айблов қўйилмаган. Мусодара қилинган барча сувараклар йўқ қилинади (эвтаназия қилинади).
Бундан олдин Кенияда хитойлик эркак чумоли контрабандаси учун бир йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. У ҳар бири 220 доллар турадиган қиролича чумолиларини мамлакатдан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетишга уринган.








