Daryo

Кабутарларга йўналишни аниқлашда жигаридаги магнит сенсорлар ёрдам беради — тадқиқот

Германиялик олимлар қушларнинг ўта узоқ масофадан адашмай учиб келиши сири иммунитет ҳужайраларида яширинганини аниқлади.

2 дақиқа ўқиш7 622 кўришлар0 изоҳ6

Ўргатилган кабутарлар кун ёки тун, ёмғир ёки иссиқ бўлишидан қатъи назар, ўз уйини топиб келади. Улар ҳатто 1000 километргача бўлган масофадан ҳам адашмайди. Инсоният қушларнинг бу қобилиятидан қадимдан фойдаланиб келади. Олимлар салкам бир асрдан бери кабутарлар йўл топишда магнит майдонига таянишини билишарди.

Яқинда Бонн университети (Германия) ва Макс Планк ҳайвонлар хулқ-атвори институти олимлари бу борада янги кашфиёт қилди. Уларнинг тадқиқоти Science журналида эълон қилинди. Унга кўра, кабутарларнинг магнит майдони орқали йўл топиши сири уларнинг жигарида яширинган бўлиши мумкин.

Тадқиқот нимани аниқлади?

Кабутарларнинг магнит маълумотларини қабул қилиш механизмлари жуда кўп ва улар ҳали ҳам ўрганилмоқда. Шу кунгача олимлар қушларнинг тумшуғи, кўзлари ва миясида магнитни сезувчи қисмларни аниқлаган эди.

Янги тадқиқотда эса мутахассислар кабутарлар жигарида ўта кучли магнит хусусиятига эга ҳужайралар — макрофагларни топди. Макрофаглар иммунитет ҳужайралари бўлиб, улар “қариган” қизил қон ҳужайраларини парчалайди. Бу жараёнда ҳужайраларда темир моддаси тўпланади. Айнан шу темир уларга магнит майдонини сезишга ёрдам бериши мумкин.

Олимлар тажриба ўтказиб кўрди. Унга кўра, жигаридаги ушбу ҳужайралари вақтинча камайтирилган кабутарлар булутли ҳавода йўл топиш қобилиятини йўқотган. Аммо қуёш кўриниб турганда, улар адашмай учган. Бу қушлар йўл топишда қуёш ва визуал белгилардан ҳам фойдаланишини кўрсатади.

Бироқ жигар ёрдамисиз улар магнит йўналишини аниқлай олмай қолган. Шундан келиб чиқиб, олимлар жигардаги ҳужайралар магнит йўналишини топиш учун зарур, деган хулосага келди.

Олимлар нима дейди?

Макс Планк институти директори Мартин Викелскийнинг айтишича, қушларнинг ички сезгиси ортида аниқ жисмоний асос бор. Жигардаги ушбу иммунитет ҳужайралари асаб томирлари яқинида жойлашган. Улар олинган маълумотни кабутарнинг миясига узатади.

“Биз иммунитет ҳужайралари магнит майдони сенсори вазифасини бажаради деб умуман кутмагандик. Натижаларимиз ҳайвонларда магнитни ҳис қилишнинг мутлақо номаълум механизмини очиб берди”, дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Кристиан Куртс.

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Кливия Лисовскининг тушунтиришича, улар жигар ва талоқда магнит хусусиятлари борлигини олдиндан тахмин қилган. Чунки бу органлар қонни парчалайди ва ўзида кўп темир сақлайди.

Кабутарлардан тарихда қандай фойдаланилган?

Инсоният кабутарлардан қадим замонлардан бери хат ташувчи сифатида фойдаланиб келади. Улар Нуҳ кемаси ҳақидаги ривоятларда ва қадимги юнон мифологиясида ҳам тилга олинади. Қадимги юнонлар Олимпиада ғолиблари ва жанглардаги ғалабалар ҳақидаги хабарларни кабутарлар орқали етказган. Римликлар эса улкан ҳарбий империя бўйлаб алоқани тезлаштириш учун кабутарлар тармоғини ташкил қилган.

Ҳатто технология ривожланган даврларда ҳам кабутарларнинг фойдаси тегди, хусусан, Reuters агентлигининг ташкил топишида. 1850-йилда Жулиус Реутер Бельгияда Брюссел ва Германиянинг Ахен шаҳарлари ўртасида янгиликлар ва акция нархларини кабутарлар орқали юборган. Чунки ўша вақтда бу энг тезкор алоқа йўли эди.

Биринчи жаҳон урушида кабутарлар фронт чизиғидан штабга хабарларни етказган. Шу сабабли душман снайперлари уларни атайлаб нишонга олган.

Иккинчи жаҳон урушида Британия ҳарбий разведкаси немислар босиб олган Франция ва яқин давлатларга қутиларда 16 мингдан ортиқ кабутарларни ташлаган. Маҳаллий аҳоли қутилардаги сўровномаларни тўлдириб, немис қўшинларининг ҳаракати ҳақидаги маълумотларни кабутарлар орқали Британияга қайтариб юборган. Бу операция ёрдамида немис гарнизонлари, сувости кемалари базалари ва қирғоқ мудофааси ҳақида муҳим разведка маълумотлари тўпланган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар