2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати нафақат ўйинлар сони, балки форматидаги ўзгаришлар билан ҳам футбол тарихидаги энг йирик ва шиддатли турнирлардан бири бўлиши кутилмоқда. АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтадиган мундиалда 48 та жамоа бош соврин учун кураш олиб боради. Мусобақанинг энг қизиқарли гуруҳларидан бири бўлган “C” гуруҳида Бразилия, Шотландия, Гаити ва Марокаш терма жамоалари ўзаро куч синашади. “Дарё” нашри мундиал олдидан турнир иштирокчиларини таништиришда давом этади. Бугун ушбу гуруҳ вакилларининг бой тарихи, Жаҳон чемпионатларидаги натижалари, мураббийлар услуби ҳамда бўлажак турнирдаги имкониятларини таҳлил қиламиз.
Бразилия — “Самба” сеҳрининг янги даври
Футбол тарихидаги энг муваффақиятли терма жамоа — беш карра Жаҳон чемпиони Бразилия ҳар қандай мундиалга фақат битта мақсад билан келади: кубокни қўлга киритиш. Бироқ “пентакампеонлар” охирги марта 2002 йилда чемпион бўлганини ҳисобга олсак, уларнинг бош совринга бўлган соғинчи тобора ортиб бормоқда. Саралаш босқичида бешинчи ўринни эгаллаб, бир оз беқарор ўйин намойиш этганига қарамай, бразилияликлар турнирнинг асосий фаворитларидан бири бўлиб қолмоқда.
Тарихий илдизи
Пеле, Гарринча, Роналдо ва Роналдиньо каби афсоналар мероси бўлган Жога Бонито — “чиройли ўйин” фалсафаси бразилияликлар учун оддий тактика эмас, балки ҳаёт тарзи ҳисобланади.
Ҳозирги мураббийи
Карло Анчелотти Бразилия футболи тарихида янги саҳифа очди. У терма жамоа тарихидаги илк хорижлик бош мураббий сифатида тайинланди. “Реал Мадрид” билан Чемпионлар Лигасида беш бор зафар қучган мутахассис жамоага Европа прагматизми ва интизомини олиб кирди. Тўғри, Бразилиянинг саралаш ва минтақавий мусобақалардаги ўйинлари идеал бўлмади. Аммо Анчелотти айнан йирик турнирларда жамоасини максимал даражада тайёрлай оладиган мураббий сифатида танилган.
Энг яхши футболчилари
Винисиус Жуниор ва таркибга қайтган Неймар жамоанинг асосий юлдузлари бўлиб турибди. Винисиус бугунги футболнинг энг портловчи вингерларидан бири бўлса, Неймарнинг тажрибаси ва креативлиги Анчелотти схемасида ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин. Бундан ташқари, “Барселона” етакчиларидан бири бўлган Рафинья ҳам рақиб ҳимояси учун доимий хавф ҳисобланади. Ҳимояда эса Маркиньос ва Габриэль Магаляеш жамоанинг асосий таянч нуқталари бўлиб қолмоқда.
Ҳозирги ҳолати
Жанубий Америка саралашида айрим қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, Анчелотти келиши билан жамоа мувозанатни тиклай олди. Бразилия бу сафар ҳам фақат чемпионликни мақсад қилган.
Марокаш — “Атлас шерлари”нинг янги даври
Марокаш 2022 йилда Қатарда ўтган мундиалда ярим финалга чиқиб, ушбу босқичга етиб борган илк Африка жамоаси сифатида футбол тарихидан жой олди. 2030 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган мамлакат футбол инфратузилмасига катта сармоя киритишда давом этмоқда.
Тарихий илдизи
Шимолий Африка техникаси ва Европанинг топ-5 чемпионатларида тўп сураётган футболчиларнинг тактик уйғунлиги Марокашни қитъанинг энг замонавий жамоаларидан бирига айлантирди.
Ҳозирги мураббийи
Марокаш футбол федерацияси ЖЧ олдидан кутилмаган қарор қабул қилиб, тарихий натижа қайд этган Волид Реграгини истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпиони Муҳаммад Оуҳабини тайинлади. Янги мураббийнинг асосий вазифаси ёш иқтидорларни асосий таркибга муваффақиятли интеграция қилишдан иборат.
Энг яхши футболчилари
“ПСЖ” ҳимоячиси Ашраф Ҳакими нафақат ҳимояда, балки ҳужум ташкил этишда ҳам жамоанинг энг муҳим қуролларидан бири саналади. Софян Амрабат марказда мувозанатни таъминласа, дарвозабон Яссин Буну пенальтиларни қайтаришдаги маҳорати билан ажралиб туради. Қанотларда эса Браим Диас ва Абде Эззалзули ўзининг ноодатий ҳаракатлари ва дриблинги билан жамоа ҳужумларига сифат қўшади.
Ҳозирги ҳолати
Марокаш саралаш босқичини жуда ишончли ўтказди. Мураббий алмашинуви маълум хавфларни юзага келтираётган бўлса-да, юлдузли таркиб ва шаклланган муҳит уларни Бразилиядан кейинги асосий плей-офф даъвогарига айлантириб турибди.
Шотландия — тартиб ва битмас-туганмас британ иродаси
Шотландия дунёдаги энг қадимги футбол мактабларидан бири ҳисобланади. Тарихдаги илк халқаро футбол учрашуви ҳам айнан 1872 йилда Шотландия ва Англия ўртасида ўтказилган. Бироқ жамоа 1998 йилдан буён бирор марта Жаҳон чемпионатига чиқа олмаётган эди. Ниҳоят, 28 йиллик соғинчга чек қўйилди.
Тарихий илдизи
Жисмоний кураш, қанотлардан узатмалар ва охирги дақиқагача таслим бўлмаслик — шотланд футболининг асосий белгиларидир. 1985–1986 йилларда “Манчестер Юнайтед” афсонаси Сер Алекс Фергюсон ҳам қисқа муддат Шотландия терма жамоасини бошқарган.
Ҳозирги мураббийи
Шотландия футболининг қайта тикланиши бевосита Стив Кларк номи билан боғлиқ. У жамоани кетма-кет икки Евро турнири ва ниҳоят ЖЧ—2026 га олиб чиқди. Кларкнинг футбол фалсафаси прагматизм, тактик интизом ва жисмоний устунликка асосланади. У “чиройли футбол”дан кўра натижани устун қўядиган мураббий ҳисобланади.
Энг яхши футболчилари
“Ливерпуль” ҳимоячиси ва жамоа сардори Эндрю Робертсон жамоанинг етакчиси бўлса, Скотт Мактоминей марказдаги асосий фигура ва яширин ҳужумчи вазифасини бажаради. “Астон Вилла” ярим ҳимоячиси Жон Макгинн эса ўзининг меҳнаткашлиги, чидамлилиги ва курашувчанлиги билан ажралиб туради.
Ҳозирги ҳолати
Шотландия саралаш босқичида қийин гуруҳдан муваффақиятли ўтди. Уларнинг асосий қуроли — зич ҳимоя ва тезкор қарши ҳужумлар. Шу сабабли улар ҳар қандай фаворит учун ноқулай рақиб бўлиб қолмоқда.
Гаити — Кариб денгизининг эртакнамо мўъжизаси
Гаити терма жамоасининг ЖЧ-2026 га йўлланма олиши КОНКАКАФ минтақасидаги энг катта сенсациялардан бири бўлди. Жамоа ўз тарихида фақат бир марта — 1974 йилда мундиалда қатнашган эди.
Тарихий илдизи
Сиёсий ва иқтисодий қийинчиликлар гирдобидаги мамлакат учун футбол ҳар доим халқнинг энг катта қувонч манбаларидан бири бўлиб келган. 1974 йилги мундиалда гаитилик Эммануэл Саноннинг Италия дарвозасига урган голи афсонавий Дино Зоффнинг 1142 дақиқалик “қуруқ серия”сига якун ясаб, футбол оламини ларзага солган эди.
Ҳозирги мураббийи
Франциялик Себастьян Мине аввал Африка қитъасида фаолият юритиб, кам ресурс билан тартибли жамоа қуриш борасида катта тажриба тўплаган. У Гаити футболига интизом ва функсионал тактика олиб кириб, жамоанинг ҳимоявий мувозанатини сезиларли даражада яхшилади.
Энг яхши футболчилари
“Вулверҳэмптон” ярим ҳимоячиси Жан-Рикнер Беллегард жамоа марказидаги асосий фигура бўлса, “Сандерленд” ҳужумчиси Уилсон Исидор жамоанинг энг муҳим гол манбаси бўлиб турибди.
Ҳозирги ҳолати
Гаити гуруҳнинг яққол аутсайдери сифатида кўрилмоқда. Аммо босимсиз футбол ва юқори мотивация уларга кутилмаган натижалар қайд этиш имконини бериши мумкин.
“C” гуруҳи тақвими
1-тур
- Гаити — Шотландия (12 июнь, Бостон)
- Бразилия — Марокаш (13 июнь, Нью Йорк)
2-тур
- Бразилия — Гаити (19 июнь, Филаделфия)
- Шотландия — Марокаш (19 июнь, Бостон)
3-тур
- Шотландия — Бразилия (24 июнь, Маями)
- Марокаш — Гаити (24 июнь, Атланта)
Элдор Абдуқаюмов тайёрлади








