Исроилнинг икки вазири Ливанни электр энергиясидан узиш ва Байрутдаги ўнлаб биноларни вайрон қилишга чақирди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.
Агар Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”ни назорат қилмаса, Литани жанубидаги ва ҳатто Заҳрони (дарё) жанубидаги ҳудуд Исроил давлати учун “хавфсизлик зонаси”га айланиши керак. Электр энергиясини ўчириш, инфратузилмани йўқ қилиш ва уларга аниқ тушунтириш зарур: агар терроризм содир этилса, бундан ўзингиз азоб чекасиз. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ президенти Дональд Трампнинг столини уриб, унга Ливандаги урушга қайтаётганимизни маълум қилиш вақти келди, деди миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир.
Молия вазири Бецалел Смотрич эса “Ҳизбуллоҳ”нинг “портловчи дронлари таҳдидига” чек қўйишга чақирди.
Шу ҳафта мен тахминан 2 миллиард исроил шекели (деярли 693 минг доллар) миқдоридаги махсус бюджетни тасдиқладим. Ҳар бир портловчи дрон зарбасига жавобан Байрутдаги ўнта бино қулаши ва ҳар қандай жиддий таҳдидга қатъий жавоб берилиши керак, деди Смотрич ва бу маблағ мудофаа тизимига оптимал даражада тайёргарлик кўриш имконини беришини таъкидлаб ўтди.
Исроил армияси штаби бошлиғи Эял Замир 24 май кунги Хавфсизлик кабинети йиғилишида “Ҳизбуллоҳ”нинг дрон зарбаларига жавобан Ливан пойтахтига ҳужумларни қайта бошлашга чақирди. Исроил апрель ойида АҚШ ҳукуматининг илтимосига биноан Байрутга зарба беришни вақтинча тўхтатган эди. Бироқ июль ойи бошигача узайтирилган ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Исроилнинг Ливанни бомбардимон қилиши оқибатида шу пайтгача қарийб 3200 киши ҳалок бўлди, 9600 дан ортиқ киши жароҳатланди ва 1,6 миллион киши ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.
Аввалроқ Биньямин Нетаньяху шахсий суҳбатларида Трампнинг Эрон бўйича қарорларига таъсир кўрсатиш имконияти жуда камлигини айтганди. Исроил бош вазири бу фикрларни урушни тўхтатиш бўйича дастлабки келишув музокараларидан Исроил четда қолиб кетган бир вақтда билдирган.
Мазкур уруш АҚШ ва Исроилнинг 28 февраль куни қўшма бомбардимонлари билан бошланган. Исроил барча жабҳаларда, жумладан, Ливанда ҳам эҳтимолий хавф-хатарларга қарши ҳарбий амалиётларни давом эттириш ҳуқуқини талаб қилмоқда, Эрон эса бунга қаршилик билдирган.








