“Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд АПЛ 37-тури доирасидаги “Борнмут”га қарши кечган ва 1:1 ҳисобида якунланган учрашувдан сўнг Лондоннинг “Арсенал” клуби Англия Премьер Лигасида чемпион бўлганига муносабат билдирди ва жамоани табриклади.
“Биз кутган якун бўлмади, бироқ келгуси мавсумда бу туйғудан тўғри мақсадда фойдаланамиз. Ушбу мавсумда биз билан бирга бўлган барча ‘Ман Сити’ мухлисларига раҳмат. “Арсенал”ни чемпионлик билан табриклайман”, деб ёзди Ҳоланд ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Маълумот учун, “Арсенал” чемпионат якунланишига бир тур қолганда АПЛ ғолибига айланди. Лондонликлар 37 та ўйинда 82 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Айни вақтда “Манчестер Сити” билан ўртадаги фарқ тўрт очкони ташкил этмоқда. “Тўпчилар”нинг ушбу муваффақияти клуб учун сўнгги 22 йил ичидаги илк чемпионлик ҳисобланади.
Маълумот учун, Ҳоланд 2022 йил июль ойида “Манчестер Сити” футболчисига айланган. Жамоа сафида барча мусобақалар доирасида 194 та ўйинда майдонга тушиб, 159 та гол ва 28 та голли узатмани амалга оширган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 200 миллион еврога баҳолаган.
Норвегиялик ҳужумчи жорий мавсум “шаҳарликлар” либосида 52 та баҳсда 38 та гол ва 9 та ассист муаллифи бўлди.








