Тожикистонда бўлиб ўтган CAFA U-20 Championship турнирида Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош совринни қўлга киритди.
“Оқ бўрилар” мусобақа давомида барча учрашувларда ғалаба қозониб, мутлақ устунлик билан турнир чемпионига айланди. Сўнгги турда Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Туркманистон U-20 жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон турнирни 12 очко билан якунлади. Эътиборлиси, жамоа мусобақа давомида бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади.
Турнир якунларига кўра, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси “Ҳалол ўйин” совринига ҳам сазовор бўлди. Шунингдек, Нематуллоҳ Рустамжонов мусобақанинг энг яхши дарвозабони, Азизбек Тўлқинбеков энг яхши футболчи, 4 та гол киритган Қувончбек Абраев эса турнир тўпурари деб топилди.








