Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Ўзбекистон U-17 терма жамоасини Осиё Кубоги чорак финалида Жанубий Корея устидан қозонган ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
“U-17 терма жамоамиз билан фахрланамиз! Футболчилар ўзбекистонликларга ҳос жанговар руҳни намойиш этиб, муносиб равишда ярим финалга йўл олишди. Мураббийлар штаби, футболчилар ва бу ютуққа ҳисса қўшган барчани табриклайман. Шу руҳда давом этинг, йигитлар”, дея таъкидлаган Каннаваро.
Маълумот учун, Сергей Чигодаев бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги 2026 йилги Осиё Кубоги чорак финали доирасида Жанубий Кореяни пенальтилар сериясида 5:3 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг ярим финалига йўл олди. Ўйин асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди.
90+4-дақиқада бош мураббий жамоанинг асосий дарвозабони Олим Шомуродов ўрнига пенальтилар сериясида иштирок этиш учун Меҳрож Сирожиддиновни майдонга туширди. Сирожиддинов битта зарбани бартараф этди ва бу ғалаба учун етарли бўлди. Ўзбекистонлик футболчиларнинг барчаси зарбани аниқ ижро этиб, ғалабага эришди.
Ўзбекистон 19 май куни ярим финалда Японияга қарши баҳс олиб боради. Кунчиқар юрт вакиллари чорак финалда Тожикистонни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.








