Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумати АҚШнинг машҳур The New York Times (NYT) нашрига нисбатан туҳмат бўйича даъво ариза киритишни режалаштирмоқда. Бунга нашрда фаластинлик маҳбусларга нисбатан кенг кўламли жинсий зўравонлик қилингани ҳақидаги мақола эълон қилингани сабаб бўлди. Бу ҳақда CBS неwс хабар берди.
Журналист Николас Кристоф томонидан ёзилган мақолада исроиллик кўчманчилар ёки хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан жинсий зўравонликка учраганини айтган 14 нафар эркак ва аёл билан ўтказилган интервьюлар келтирилган. Кристофнинг ўзи баъзи ҳолатларни тасдиқлашнинг имкони бўлмаганини қайд этган.
Исроил расмийлари ушбу ҳисоботни кескин қоралади. Нетаньяху идораси буни “Исроил давлатига қарши чоп этилган энг жирканч ва бузиб кўрсатилган ёлғонлардан бири” деб атади.
14 май куни берилган баёнотда:
“Нетаньяху ва ташқи ишлар вазири Гидон Саар The New York Times нашрига нисбатан туҳмат бўйича суд жараёнини бошлаш ҳақида кўрсатма берди”, дейилади.
Нетаньяху X тармоғида унинг ҳуқуқий маслаҳатчилари нашр ва журналистга нисбатан энг қаттиқ ҳуқуқий чораларни кўриб чиқишини ёзди.
NYT 13 май куни мақолани ҳимоя қилиб чиқди. Нашр вакили Чарли Штадтландернинг сўзларига кўра, 14 нафар жабрланувчининг кўрсатмалари гувоҳлар, оила аъзолари ва адвокатлар орқали тасдиқланган. Маълумотлар инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳисоботлари ва ҳатто БМТ гувоҳликлари билан солиштирилган. Фактларни текшириш жараёнига мустақил экспертлар жалб қилинган.
Судда ғалаба қозониш имконияти борми?
Ҳуқуқшунос экспертларнинг фикрича, Исроил ҳукуматининг АҚШда бу иш бўйича ғалаба қозониши деярли имконсиз. Бунга эса бир нечта сабаблар бор, жумладан:
1. АҚШ қонунларига кўра, ҳукуматнинг ўзи туҳмат бўйича даъво оча олмайди. Агар Нетаньяху алоҳида шахс сифатида мурожаат қилса, у мақолада айнан унга қаратилган туҳмат борлигини исботлаши керак.
2. АҚШ Олий судининг тарихий қарорига кўра, амалдорлар нашр устидан ғалаба қилиши учун журналистнинг қасддан ёлғон ёзгани ёки “ҳақиқатни била туриб менсимаганини” исботлаши шарт.
3. Яле университети профессори Жед Рубенфелднинг айтишича, агар мақолада аниқ бир шахснинг исми келтирилмаса, бу ҳукуматни танқид қилиш ҳисобланади.
Исроил тарихида бундай ҳолат биринчи марта эмас. 1983 йилда собиқ мудофаа вазири Ариэл Шарон Time журналини судга берган эди. Ўшанда суд хабарни нотўғри деб топган бўлса-да, нашрда “ёмон ният” бўлмагани сабабли Шарон ишни юта олмаган.
Шунингдек, Дональд Трамп ҳам 2024 йилда CBS News телеканалини судга бериб, 2025 йилда 16 миллион доллар ундириб олган. Бироқ Трамп иши бўйича томонлар судгача ўзаро келишувга эришган. Ҳозирча Исроил даъвони қаерда — АҚШдами ёки Исроилдами — киритиши ва даъвогар айнан ким бўлиши аниқ эмас. Экспертлар Нетаньяху учун бу жараён ўта қийин кечишини прогноз қилмоқда.








