Саудия Пролигасининг 2025/2026 йилги мавсуми 33-тури доирасида “Ал-Насср” ва “Ал-Ҳилол” жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Ўйин Ар-Риёд шаҳридаги “Ал-Аввал Парк” стадионида бўлиб ўтди. Баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Учрашувнинг 37-дақиқасида мезбонлар ҳимоячиси Муҳаммад Симакан ҳисобни очди. Ўйинга қўшиб берилган 90+8-дақиқада эса “Ал-Насср” дарвозабони Бенту тўпни қабул қилишга хатога йўл қўйди ва автогол муаллифига айланди. Шу тариқа Криштиану Роналду етакчилигидаги “Ал-Насср” муддатидан аввал мамлакат чемпиони бўлиш имкониятини қўлдан чиқарди.
Саудия Арабистони чемпионатининг 33-тур ўйинидан сўнг “Ал-Насср” 83 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринда бормоқда. Пролига якунигача жамоа “Дамак” клубига қарши ўйин ўтказади. “Ал-Ҳилол” эса 32 та ўйинда 78 очко тўплаган ва иккинчи поғонани эгаллаб турибди. Мавсум охиригача уларнинг ҳисобида яна иккита учрашув мавжуд. Эндиликда “Ал-Насср” ғалаба қозонса ёки “Ал-Ҳилол” очко йўқоца, Роналду ва унинг жамоаси мамлакат чемпиони бўлади.
“Ал-Насср” таркибида беш карра “Олтин тўп” соҳиби Криштиану Роналду тўп суради. “Ал-Ҳилол” шарафини эса 2022 йилги “Олтин тўп” соҳиби Карим Бензема ҳимоя қилмоқда.
Мусобақа тўпурарлар жадвалида Криштиану Роналду 26 та гол билан 3-ўринда бормоқда. Ундан юқорида “Ал-Аҳли” форварди Айван Тони (31 гол) ва “Ал-Қодисия” ҳужумчиси Хулиан Куинёнес (29 гол) жойлашган.








