АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда воситачи бўлиб келган Покистон Теҳрон самолётларини ўз аэродромларида яширинча сақлаган. Бу ҳақда америкалик амалдорларга таяниб, CBS News хабар берди.
Маълум қилинишича, самолётлар эҳтимолий Америка зарбаларидан ҳимояланиш мақсадида аэродромларга жойлаштирилган. АҚШ президенти Дональд Трамп ўт очишни тўхтатишни эълон қилганидан бир неча кун ўтиб, апрель ойи бошида Эроннинг бир нечта самолёти Покистондаги Нур Хон авиабазасига юборилган. Улар орасида Эрон Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли, разведка учун мўлжалланган РC-130 самолёти ҳам бўлган.
Покистон расмийлари бу даъволарни рад этиб, авиабаза шаҳар марказида жойлашгани ва у ерда катта самолётлар паркини бегона кўзлардан яшириш имконсизлигини таъкидлади. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу маълумотни рад этди ва CBC News даъвосини “спекулятив, тинчлик музокараларини издан чиқаришга уриниш” деб баҳолади.
“Покистон мулоқотга кўмаклашиш, кескинликни камайтириш ва минтақавий ҳамда глобал тинчликни илгари суришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга содиқ қолади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Мақолада Эрон фуқаролик самолётларини вақтинча сақлаш учун қўшни Афғонистонга ҳам йўналтиргани маълум қилинган. Хусусан, уруш бошланишидан сал аввал Маhan Аir авиакомпаниясига тегишли фуқаролик самолёти Кобулга қўнган ва ҳозиргача ўша ерда қолмоқда.
Март ойида Покистон Кобулга бир неча бор зарба берганидан сўнг маҳаллий ҳокимият самолётларни Эрон чегараси яқинидаги Ҳирот аэропортига кўчирган. “Толибон” эса мамлакат ҳудудида Эрон самолётлари борлигини инкор этмоқда.
Айни пайтда Исломобод уруш бошидан буён АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасидаги музокараларда воситачи сифатида қатнашиб келмоқда. Бироқ бу ҳафта томонларнинг можарони тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги уринишлари яна боши берк кўчага кириб қолди.
Трамп АҚШнинг тинчлик режасига берган Эрон жавобини мутлақо қабул қилиб бўлмас деб атади. Теҳрон ядровий дастур бўйича музокаралар бошланишидан олдин АҚШдан санкцияларни бекор қилишни, барча жанговар ҳаракатларни тўхтатишни ва Ҳормуз блокадасини олиб ташлашни талаб қилган. Шунингдек, Эрон ядровий объектларни демонтаж қилишдан бош тортиб, уранни бойитишга қисқа муддатли мораторий жорий этишни таклиф қилган.








