2026 йилнинг май ойи бошида Аргентинадан Кабо Верде томон йўл олган MV Hondius круиз лайнери бортида ҳантавирус эпидемияси бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, круиздаги 147 нафар йўловчидан уч киши вафот этган: 69 ёшли голландиялик эркак ва унинг 70 ёшли рафиқаси, шунингдек, 69 ёшли британиялик. Жами саккиз киши касалликка чалинган. Кема йўловчилари ва экипажи карантинга жойлаштирилган.

Айни пайтда кема Испания қирғоқлари сари йўналмоқда. 11 майга қадар MV Hondius Tenerife ороли портида тўхташи керак. Барча соғлом йўловчилар ўз мамлакатларига етказилади. Ҳантавирус эпидемияси ҳақидаги хабарлар тарқалишидан аввал 40 га яқин йўловчи кемани тарк этган эди. Камида ўнта мамлакатнинг соғлиқни сақлаш идоралари ушбу одамларнинг саломатлигини кузатмоқда. Аммо 8 май куни Исроилда ҳам ҳантавирус билан касалланишнинг илк ҳолати аниқланди. Орадан бир кун ўтиб, яъни 9 майда яна бир круиз кемасида вирус тарқалиб, 110 дан ортиқ киши касалланди.
Хўш, ҳантавирус ўзи нима?
Аслида оғир респиратор касалликларни келтириб чиқарадиган ҳантавирусларнинг 20 дан ортиқ тури маълум. Вирусни ташувчилар — кемирувчилардир. Одамга касаллик фақат ҳайвонлар орқали юқиши мумкин.
Ҳантавирус — одамга кемирувчилардан, асосан, уларнинг вирусланган ажралмалари орқали юқадиган вируслар гуруҳи. Улар ўпка ёки буйрак шикастланиши каби оғир касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Касаллик иситма, бош ва мушак оғриқлари, кўнгил айниши ҳамда чарчоқ каби белгилар билан кечади. Ҳантавирус юққанига шубҳа туғилса, дастлабки симптомлардан 72 соат ўтгач, такрорий таҳлил топшириш тавсия этилади. Вирусга қарши махсус даво йўқ, беморларга қўллаб-қувватловчи терапия қўлланади.
MV Hondius лайнерида вафот этган биринчи йўловчи айнан шундай йўл билан касалликни юқтирган. Эркак Жанубий Америка бўйлаб ҳантавирус ташувчи кемирувчилар яшайдиган жойларда саёҳат қилган.

Лотин Америкасининг айрим қисмларида Андес штамми учрайди — бу одамдан одамга юқиши мумкин бўлган ягона маълум ҳантавирус туридир. Бироқ бундай юқиш эҳтимоли жуда кам ва узоқ муддатли алоқани талаб қилади, деб таъкидлайди ЖССТ.
ЖССТ круиз лайнеридаги ҳантавирус авж олиши “иккинчи COVID” эмаслигини таъкидламоқда.
“Ҳантавируслар бизга анчадан бери маълум. Биз бу вируснинг табиатини тушунамиз. У коронавируслар каби тарқалмайди”, дейди ЖССТнинг эпидемиялар ва пандемияларнинг олдини олиш масалалари бўйича директори вазифасини бажарувчи Мария ван Керхове.

Касаллик белгилари вирус юққанидан икки-тўрт ҳафта ўтиб намоён бўлади. Буларга бош оғриғи, бош айланиши, иситма, мушак оғриғи, кўнгил айниши, қусиш, диарея ва эт увишиши киради.
Ижтимоий тармоқлардаги ваҳима
Ижтимоий тармоқларда 2012 ва 2022 йилларда Х’да (Twitter) ҳантавирус ҳақида қилинган “башоратлар” вирусдай тарқалмоқда. 2012 йилда микробиолог Жейсон Тетро шундай деб ёзган эди:
“Бугун Миллий фанлар академиясининг семинарида ортимдан кимнингдир ‘Агар ҳақиқий пандемия уюштирмоқчи бўлсангиз, ҳантавирусни одамдан одамга юқадиган қилинг’, деганини эшитиб қолдим”.

Тетро ўзининг янги постларида яқин вақт ичида ўшанда нега ҳантавирус ҳақида ёзганини айтиб беришга ваъда бермоқда. Биолог, шунингдек, бу фикр унга “Микроблар коди” китобини ёзиб тугатишига ёрдам берганини ҳам маълум қилди.
Шунингдек, 2022 йилда @iamasoothsayer ники остидаги фойдаланувчи 2026 йилда ҳантавирус пандемияси бошланиши ҳақида ёзган. Ушбу пост 2022 йилдан бери нофаол бўлган аккаунтдаги тўртта нашрдан бирига айланди.

Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 2020 йилги трендлар — Далгона қаҳваси ва TikTok’даги рақсларни эслаб, “янги пандемия” ҳақида ҳазил қилинган видеоларни жойлай бошлади.








