Қаршининг “Насаф” жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев бир клубда ишлаш давомийлиги бўйича жаҳоннинг энг машҳур мутахассисларидан бири — Пеп Гвардиолани ортда қолдирди. Бу ҳақда CIES Football Observatory тадқиқот маркази хабар берди.
Унга кўра, мазкур кўрсаткич бўйича жаҳон рейтингининг мутлоқ пешқадами сифатида Германиянинг “Ҳайденҳайм” клуби устози Франк Шмидт қайд этилган. Иккинчи поғонани Мадриднинг “Атлетико” жамоасини узоқ йиллардан барқарор бошқариб келаётган Диэго Симеоне эгаллаб турибди. Кучли учликни эса айнан ўзбекистонлик мутахассис Рўзиқул Бердиев якунлаб берган. “Аждарлар” устозидан кейинги ўринда “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола жой олган.
Маълумотларга кўра, Бердиев “Насаф” бошқарувида узлуксиз равишда 14 йил-у 3 ойдан буён фаолият юритиб келмоқда. Замонавий футболда мураббийларнинг тез-тез алмашиши сурункали тус олган бир пайтда, Бердиевнинг “Насаф”даги бундай узоқ йиллик фаолияти халқаро экспертлар эътиборини тортган.
Эслатиб ўтамиз, Рўзиқул Бердиев бошқарувида “Насаф” нафақат ички чемпионатда, балки халқаро майдонда ҳам барқарор натижалар қайд этиб келмоқда. Тажрибали мутахассис жамоа бошқарувига келгач, қаршиликлар бир марта Ўзбекистон Суперлигасида, тўрт мартадан мамлакат Кубоги ҳамда Суперкубогида зафар қучди.








