Бельгия Украинага ўзидаги 53 та F-16 қирувчи самолётини топширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Тео Франкен маълум қилди, деб ёзмоқда Lе vIF журнали.
Вазирнинг айтишича, самолётларни етказиб бериш жараёни 2029-йилгача давом этади. Дастлабки 7 та F-16 самолёти Украинага 2026-йилда топширилади. Бироқ улардан 4 таси фақат учувчиларни тайёрлаш учун мўлжалланган бўлиб, жанговар парвозларда қатнашмайди.
Бельгия ҳукумати ҳозирча Киев Брюсселдан бирорта ҳам F-16 олмаганини тан олди. Аввалги ҳукумат самолётларни етказиб беришни 2024-йилда бошлашга ваъда қилган эди.
Кечикишларга Бельгия томонидан харид қилинган Американинг F-35 Lightнинг II қирувчи самолётлари етказиб берилишидаги муаммолар сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Айнан шу самолётлар Бельгия армиясидаги эскирган F-16 самолётлари ўрнини босиши керак.
Аввалроқ Украина Норвегиядан 2023 йилда ваъда қилган 6 та F-16 самолётини ҳам ҳануз олмагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Манбаларга кўра, Киев айни пайтда ушбу қирувчи самолётларга жуда катта эҳтиёж сезмоқда.








