Daryo

Шавкат Мирзиёевнинг қариндоши Иккинчи жаҳон урушида 20 дан ортиқ вермахт аскарини йўқ қилган — “TASS”

Ўрунбек Ёқубов уч кун давомида душманнинг 15 та қарши ҳужумини қайтарган. Россия агентлиги архив ҳужжатлар билан танишиб чиқди.

1 дақиқа ўқиш17 590 кўришлар0 изоҳ25

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг амакиваччаси, Совет Иттифоқи қаҳрамони Ўрунбек Ёқубов Иккинчи жаҳон урушида 20 дан ортиқ вермахт аскарини йўқ қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда архив ҳужжатлари билан танишиб чиққан “TASS” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўрунбек Ёқубов Одер дарёсидан ўтиш пайтида вермахтнинг 7 та қарши ҳужумини қайтаришга ёрдам берган. У 31-ўқчи дивизия 248-ўқчи полкининг миномётчилар ротаси ҳисоб командири бўлган. 1944 йил февраль ойида Днепрни кечиб ўтишда душманнинг 15 та қарши ҳужумини уч кун давомида қайтаргани учун Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. 1945 йил апрель ойида Ёқубов “Қизил Юлдуз” ордени билан тақдирланган.

“1945 йил 24 январда Штейне қишлоғидан ғарброқда Одер дарёсини кечиб ўтиш чоғида Ёқубов ўз миномётидан ўт очиш орқали ўқчиларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг дарёни муз устидан кесиб ўтишига ва плацдармни эгаллашига кўмаклашди. Ўқчилар ортидан миномётларини ғарбий соҳилга олиб ўтган Ёқубов икки кун давомида плацдармни йўқ қилмоқчи бўлган душманнинг 7 та шиддатли қарши ҳужумини қайтаришда пиёда аскарларга ёрдам берди. Бу жанглар давомида ўз миномётлари ўти билан душманнинг 2 та ўт очиш нуқтасини ҳамда йигирмадан ортиқ аскар ва офицерини йўқ қилди”, дейилади тегишли орденнинг мукофот варақасида.

Бундан ташқари, Ёқубов “Жасорат” ва “Кавказ мудофааси учун” медаллари билан ҳам тақдирланган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар