Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича нуфузли TEPE Sigeman турнирида муваффақиятли иштирок этмоқда. У 4-тур доирасида ҳиндистонлик Аржун Эригаисига қарши баҳс олиб борди ва дуранг қайд этди. Беллашув 62-юришда якунланди. Шу тариқа, Нодирбек очколари сонини 2,5 тага етказиб олган ҳолда қўшимча кўрсаткичларга кўра, 2-ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси илк турда қора доналарда хитойлик аёл гроссмейстер Жу Жинерни мағлуб этди. 2-турда америкалик Энди Вудвард, 3-турда эса дунёнинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсен билан дуранг ўйнади. Абдусатторов 5-турда швециялик Нилс Гранделиус билан баҳс олиб боради.
Мусобақа 7 майга қадар Швециянинг Малмё шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу турнирда Нодирбек Абдусатторовдан ташқари Магнус Карлсен (Норвегия), Аржун Эригаиси (Ҳиндистон), Жорден ван Форест (Нидерландия), Нилс Гранделиус (Швеция), Яғиз Каан Эрдоғмус (Туркия), Энди Вудвард (АҚШ) ва Жу Жинер (Хитой) иштирок этмоқда.
Вақт назорати ва ўзига хос қоидалар
Турнир классик шахмат қоидаларига кўра, қуйидаги вақт назоратида ўтказилади:
- Дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа;
- Ўйин охиригача эса яна 30 дақиқа вақт берилади;
- Биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сония қўшиб борилади.
Мусобақада "Малмё қоидалари" амал қилади — унга кўра, ўйинчилар 40-юришга қадар ўзаро дурангга келишишлари тақиқланади.а
Мусобақа формати
8 нафар иштирокчи 7 та тур давомида айланма (роунд-робин) тизимида бир-бирига қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, ушбу турнирда кетма-кет икки йилдан буён ўзбекистонлик шахматчилар ғалаба қозонган. 2024-йилда Нодирбек Абдусатторов, 2025-йилда эса Жавоҳир Синдоров чемпионликни қўлга киритган.








