Нигерияда қуролланган шахслар болалар уйига бостириб кириб, камида 23 нафар болани ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Болалар 26 апрель куни кечқурун Dahallukitab Group of Schools номли рўйхатдан ўтмаган муассасадан олиб кетилган. Ҳодиса Коги штатининг пойтахти Локожада содир бўлган. Африканинг энг кўп аҳолига эга мамлакатида одамларни оммавий ўғирлаш жиноий гуруҳлар учун тез пул топиш усулига айланган. Бу ҳолатлар айниқса ҳукумат назорати суст бўлган қишлоқларда кузатилади.
Коги ахборот комиссари Кингсли Фанвонинг айтишича, хавфсизлик идораларининг “тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракати” билан 15 нафар бола қутқарилган, аммо 8 нафари бедарак йўқолганча қолмоқда. Болалар уйи эгасининг рафиқаси ҳам ўғирлаб кетилгани айтилмоқда.
“Қолган саккиз нафар жабрланувчини хавфсиз қайтариш ва жиноятчиларни қўлга олиш бўйича ишлар давом этмоқда”, деди расмий.
Фанвонинг айтишича, меҳрибонлик уйи тегишли органлар ва хавфсизлик идораларидан яширин тарзда, чекка ҳудудда ноқонуний фаолият юритган. Баёнотда ўғирланган болаларнинг ёши очиқланмаган, бироқ улар Нигерияда одатда боғча ёки бошланғич мактаб ёшидаги, яъни 12 ёшгача бўлган “ўқувчилар” экани айтилган.
Ҳужум учун жавобгарликни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Нигерия бир вақтнинг ўзида бир нечта қуролли можароларга дуч келмоқда: “Боко Ҳарам” гуруҳининг узоқ йиллик зўравонликларидан тортиб, “бандит” гуруҳлар ҳужуми, деҳқонлар ва чорвадорлар ўртасидаги тўқнашувлар ҳамда жануби-шарқдаги айирмачилар ҳаракатигача.
ИШИДга алоқадор Лакурава гуруҳи Нигер билан чегарадош шимоли-ғарбий қисмда ҳам фаолият юритади. 14 февраль куни қуролланган шахслар Нигердаги учта қишлоққа ҳужум қилиб, камида 32 кишини ўлдирди. Ҳодиса Нигер штатининг Боргу ҳудудида содир бўлди. Бу ҳудудда ИШИДга алоқадор қуролли гуруҳлар ва одамларни тўлов эвазига ўғирловчи жиноий тўдалар фаолият юритади.
Мазкур ҳодисадан атиги етти кун ўтиб Нигериянинг Адамава штатида жангарилар иккита ҳужум уюштирди. Оқибатда 24 киши ҳаётдан кўз юмди. Жангарилар бозорни талаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва мотоциклларни ўғирлаб кетган.
7 апрель куни қуролланган шахслар қишлоқларга ҳужум қилиб, камида 20 кишини ўлдирди. Ҳодиса Широро туманида содир бўлган, бу ҳудуд одам ўғирловчи тўдалар ва жангарилар фаолияти билан танилган.








