Амалдорларнинг қимматбаҳо соатлари кўпинча уларнинг расмий даромадлари ва ҳаёт тарзи ўртасидаги номутаносибликни кўрсатувчи асосий рамзга айланиб қолган. Дунё тажрибасида бу каби ҳолатлар кўп марта сиёсий жанжаллар ва истеъфоларга сабаб бўлган.
Яқинда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев президент селекторида таққан соати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар бу соат Breguet Marine Chronographe 5527 модели бўлиб, нархи тахминан 50 минг долларни ташкил қилишини айтиб ўтишди.

Шундан сўнг Шерзод Кудбиевнинг ўзи чиқиш қилиб, танқидлар ўринли эканини, давлат хизматчиси, авваламбор, камтар бўлиши кераклигини айтиб ўтди. Шунингдек, муҳокамалар унга катта сабоқ бўлганини қайд этди.
Амалдорларнинг қимматбаҳо соатлари билан боғлиқ шов-шувли кейслар бошқа давлатларда ҳам рўй берган.
Дмитрий Песков ва Richard Mille RM 52-01
2015-йилда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг тўйида олинган сурат катта жанжалга сабаб бўлди. Суратда унинг қўлида нархи тахминан 600 000 доллар бўлган Richard Mille RM 52-01 соати кўринган эди.
Журналистлар Песковнинг йиллик декларация қилинган даромади бу соат нархидан бир неча баробар камлигини таъкидлаган. Песковнинг ўзи эса буни рафиқасининг тўй совғаси экани билан изоҳлаган.

“Бу Таня (Татьяна Навка)дан совға. Соат чиндан ҳам жуда қиммат туради. Аммо унинг асл нархи одамлар айтаётганидан анча арзон”, деб таъкидлаган Песков.
Рамзан Қодиров ва Greubel Forsey
2015 йил август ойида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қимматбаҳо соати билан боғлиқ жанжал оммавий ахборот воситаларининг эътибор марказида бўлди.
Унинг қўлида Швейцариянинг Greubel Forsey брендига тегишли қиймати тахминан 280 000 доллар бўлган соат кўзга ташланди.
Қодировнинг ўзи қимматбаҳо соатлари борлигини ва уларни енглари остига яширмаслигини айтди.
“Ёшлигимдан бери мен буюк инсонларга тегишли соатлар, совуқ қуроллар ва бошқа буюмларни коллекция қиламан”, деди Чеченистон раҳбари.

Қодировнинг сўзларига кўра, у соатларни дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги яқин дўстларидан совға сифатида олади ва улар “камбағал одамлар эмас”.
Шунингдек, Рамзан Қодиров фотосуратдаги модель унинг коллекциясидаги “энг қиммат” соат эмаслигини таъкидлаган.
2025 йилнинг август ойида Рамзан Қодировнинг ўғли — Адам Қодиров ҳам қимматбаҳо соат билан боғлиқ муҳокамалар марказида бўлди.

У ўзининг тўйи кунида 300 дан ортиқ олмос билан безатилган, дунёда ягона нусхада бўлган Jacob & Cо брендига тегишли соатни тақиб олгани акс этган суратлар пайдо бўлди. Бу соатнинг нархи 7 миллион долларни ташкил қилиши маълум.
Дина Болуарте ва Rolex
Перу президенти Дина Болуарте 2024 йил баҳорида Rolex соатлари коллекцияси сабабли можаро марказида қолди. Журналистлар турли тадбирларда президентнинг қўлида декларация қилинмаган Rolex соатининг бир неча моделлари бўлганини аниқлади. Бу моделларнинг баъзилари 14 минг АҚШ доллари туриши маълум қилинган.

Шундан сўнг Дина Болуартенинг уйида ва резиденсиясида тинтув ўтказилган. Президент мазкур соатларни кўп йиллик меҳнати натижасида йиғган пулига харид қилганини айтган, аммо кейинчалик улар дўсти томонидан совға қилинганини билдирган.
Бу воқеа мамлакатда ҳукуматга нисбатан ишончни пасайтирди ва бир неча вазирларнинг истеъфосига сабаб бўлди.
Славомир Новак ва Ulysse Nardin
2013 йилда Польша транспорт вазири Славомир Новак ўз декларациясида нархи 5500 доллар бўлган Ulysse Nardin соатини кўрсатмагани учун истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Польша қонунларига кўра амалдорлар 10 000 злотийдан (тахминан 3500 доллар) ортиқ қийматга эга ҳар қандай мол-мулкни декларация қилишлари шарт. Новак камида 17 000 злотий (тахминан 5500 доллар) қийматга эга бўлган Ulysse Nardin брендига тегишли Maxi Marine Chronometer соатини декларация қилмаган.

Бош вазир Дональд Туск Новакнинг истеъфосини “олийжаноб ҳаракат” дея баҳолади. Шунингдек, агар Новак ўз номини оқлашга муваффақ бўлса, уни қайта ишга олишга тайёрлигини ҳам билдирди.
Франсуа Фиён ва қимматбаҳо совғалар
Франция собиқ бош вазири Франсуа Фиён 2017 йил президентликка номзод бўлган пайтда унга бой дўстлари томонидан совға қилинган қимматбаҳо буюмлар, шу жумладан, қўл соатлари (умумий қиймати 50 000 евродан ортиқ) бўйича тергов қилинган.
Фиённинг ўзи номи ошкор қилинмаган яқин дўстидан қимматбаҳо совғалар олганини тан олди. Бу манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли туфайли танқидларга сабаб бўлди.

Жамоатчилик ва матбуот босими остида Фиён барча совғаларни қайтариб берганини эълон қилди ва уларни қабул қилинишини “хато” деб атади. Бу воқеа унинг сайлов кампаниясига жиддий зарба берди.
Қимматбаҳо совғалар билан боғлиқ жанжал унинг турмуш ўртоғи учун сохта иш ўринларини яратиш бўйича жиддийроқ айбловлар фонида содир бўлди, бу эса сайловларда мағлубиятга олиб келди.
Янг Дацай ва Rolex, Omega, Rado, Vacheron Constantin
Хитойнинг Шанси провинцияси Меҳнат хавфсизлиги назорати бюроси раҳбари Янг Дацай 2012 йилда қимматбаҳо соат туфайли журналистлар танқидининг нишонига айланди.
Ўша йили Янг Дацай йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойга чиқиб, вазиятни ўрганаётгани акс этган фотосуратлар тарқалганидан сўнг журналистлар мазкур суратларда унунг қўлида қимматбаҳо соатни пайқашди.

Ўтказилган суриштирувлар натижасида Янг Дацай Rolex, Omega, Rado, Vacheron Constantin каби моделлардан иборат қимматбаҳо қўл соатлари коллекцияси эгаси экани аниқланди. Ойига 1500 доллар маош оладиган амалдор бундай қиммат соатларни қандай қилиб харид қилганини изоҳлаб бера олмади.
Шундан сўнг тергов бошланди ва Янг Дацай лавозимидан четлаштирилди. 2013 йилда у порахўрлик ва катта миқдордаги мулкка эгалик қилгани учун 14 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Владимир Гундяев (Патриарх Кирилл) ва “Йўқолган” соат
2012 йилда Россияда Патриарх Кириллнинг (Владимир Гундяев) қўл соати билан боғлиқ жанжал содир бўлди. Гарчи у давлат амалдори бўлмаса-да, Россиядаги нуфузли шахслар рўйхатига тез-тез киритилади.
Гап шундаки, рус православ черкови веб сайтида эълон қилинган суратда патриархнинг билагидаги соат фотошоп орқали ўчирилган, бироқ соатнинг столдаги акси қолиб кетган.

Мазкур соат Breguet модели бўлиб, тахминан 30 000 доллар туриши маълум қилинган.

Патриархат бу ҳолатни сайт админининг хатоси сифатида қайд этиб, барчадан узр сўради. Кейинчалик патриарх ҳеч қачон бундай соат тақмаганини даъво қилди.
Нима учун соат доим диққат марказида?
Экспертларнинг фикрича, соат “идеал” компромат воситаси ҳисобланади. Чунки соат бренди ва моделини узоқдан олинган фотосурат орқали ҳам аниқлаш осон. Автомобиль ёки уйнинг ички жиҳозларидан фарқли олароқ, соатнинг каталогдаги нархи деярли ҳамма учун очиқ.
Шу сабабли баъзи давлатларда амалдорлар бу каби жанжаллардан қочиш учун атайлаб Timex ёки Casio каби арзон ва оммабоп брендлардан фойдаланишади.








