Испаниянинг Кастилия ва Леон олий суди “Ливерпуль” ҳужумчиси Диогу Жота ва унинг укаси Андре Сильва вафот этган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан қўзғатилган жиноят ишида жиноий таркиб йўқ деган хулосага келди. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Суд мазкур фожиали воқеада бирор шахсни айблаш учун асослар етарли эмас деган хулосага келди. Аслида, Пуэбла-де-Санабрия биринчи инстанция суди ва тергов органи ишни 2025 йилнинг ноябридаёқ тўхтатган эди. Судьялар Испания Фуқаролик гвардияси мутахассислари тайёрлаган экспертиза хулосаларига таяниб, ҳалокатни бахтсиз ҳодиса деб топди ва ҳеч кимни жиноий жавобгарликка тортмади.
Эслатиб ўтамиз, португалиялик футболчи ўтган йилнинг 3 июль куни 28 ёшида Испаниядаги автоҳалокат оқибатида ҳаётдан кўз юмган эди. Жота укаси билан Lamborghini автомобилида кетаётганида, қувиб ўтиш маневри вақтида машина шинасининг ёрилиши оқибатида бошқарувни йўқотган. Бунинг натижасида машина йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган ва ёниб кетган.
Диогу Жота 2020 йилдан буён “Ливерпуль” шарафини ҳимоя қилиб келаётган эди. У мерсисайдликлар сафида Англия чемпиони, Англия Кубоги соҳиби ва икки карра Англия Лига Кубоги ғолибига айланган. Шунингдек, ҳужумчи фаолияти давомида “Порту”, “Атлетико Мадрид” ва “Вулверҳэмптон” клубларида тўп сурган. Португалия терма жамоаси сафида эса 49 та ўйинда иштирок этиб, 14 та гол уришга муваффақ бўлган эди.








