Daryo

Трамп жамоасидаги яна бир аёл мулозим ишдан олинди

У иш жойида спиртли ичимлик ичиш, ёш ходимлар билан шахсий алоқада бўлиш ва давлат маблағи ҳисобидан шахсий саёҳатлар уюштирганликда айбланган эди.

2 дақиқа ўқиш6 419 кўришлар0 изоҳ3

АҚШ меҳнат вазири Лори Чавес-Деремер ўз лавозимини тарк этмоқда. У март ойидан бери президент Дональд Трамп администрациясидан кетаётган учинчи аёл мулозим ҳисобланади.

Маълум қилинишича, Чавес-Деремер хусусий секторда фаолиятини давом эттиради. Аммо Америка оммавий ахборот воситалари унинг истеʻфоси бир қатор айбловлар билан боғлиқлигини айтмоқда. Жумладан, Чавес-Деремер иш жойида спиртли ичимлик ичиш, ёш ходимлар билан шахсий алоқада бўлиш ва давлат маблағлари ҳисобидан шахсий саёҳатлар уюштирганликда айбланган.

Шунингдек, вазирликда “номақбул иш муҳити” юзага келгани ва меҳнат шароитидан шикоят қилган ходималардан ўч олиш ҳолатлари бўйича ҳам шикоятлар тушган. Бу ҳолатлар Трамп маъмуриятидаги кадрлар алмашинувининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

Иммигрантларга шафқатсиз бўлган вазирнинг ишдан бўшаши

Аввалроқ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ишдан олинган эди. Мазкур қарор иммиграция хизмати ходимлари томонидан АҚШнинг икки фуқароси — Рени Гуд ва Алекс Преттининг отиб ўлдирилиши ортидан қабул қилинди. Ноэм марҳумларни “ички террорчилар” деб атаган ва фожиа тафсилотлари очиқлангандан кейин ҳам узр сўрашдан бош тортган эди.

Фото: Кристи Ноэм / Getty Images

Бундан ташқари, Ноэмнинг 220 миллион долларлик реклама кампаниясидаги иштироки ҳам танқидларга сабаб бўлган. Унда вазир Рушмор тоғи фонида от устида суратга тушган. Ноэм кампания бюджетини Дональд Трамп шахсан маъқуллаганини айтган, бироқ АҚШ президенти бу маълумотни рад этган. Трамп унинг ўрнига Республика партиясидан сенатор Маркуэйн Маллинни номзод сифатида таклиф қилган.

Бош прокурор истеъфоси: Эпштейн иши ва кутилмаган тайинлов

Апрель ойида Дональд Трамп АҚШ бош прокурори Пем Бондини ҳам лавозимидан озод этди. Оқ уй расмий баёнотида Бондининг хусусий секторга ўтаётганини сабаб қилиб кўрсатган бўлса-да, манбалар бунга Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг ошкор қилиниши туртки бўлганини айтмоқда.

Фото: Пем Бонди / X

CNN хабарига кўра, Трамп бир неча сабабларга кўра Бондидан норози бўлган: биринчидан, Эпштейн иши бўйича олиб борилган фаолият, иккинчидан, президентнинг сиёсий рақибларига нисбатан етарлича тергов ўтказилмагани. Бош прокурор лавозимини эндиликда унинг ўринбосари Тодд Бланш эгаллайди.




Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар