Европанинг нуфузи жиҳатидан иккинчи ва учинчи даражали клублар ўртасидаги турнирларида ҳал қилувчи босқичга старт берилмоқда. Бугун, 17 апрель куни Европа Лигаси ҳамда Конференциялар Лигасининг ярим финал жуфтликлари аниқланди.
Европа Лигасининг ярим финал босқичига Англиянинг иккита клуби — “Ноттингем Форест” ҳамда “Астон Вилла”, шунингдек Португалиянинг “Брага” ва Германиянинг “Фрайбург” клублари йўл олди.
- “Брага” (Португалия) — “Фрайбург” (Германия);
- “Ноттингем Форест” (Англия) — “Астон Вилла” (Англия).
Мазкур босқичнинг илк учрашувлари 30 апрель, жавоб баҳслари эса 7 май кунларига белгиланган. Европа Лигасининг ҳал қилувчи финал ўйини 20 май куни Истанбулда бўлиб ўтади.
Конференциялар Лигаси ярим финалида тўрт мамлакатнинг тўрт хил клуби бош соврин учун курашни давом эттиради. Финал йўлланмаси учун Украинанинг “Шахтёр”, Англиянинг “Кристал Пэлас”, Испаниянинг “Райо Вальекано” ҳамда Франциянинг “Страсбург” жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
- “Шахтёр” (Украина) — “Кристал Пэлас” (Англия);
- “Райо Вальекано” (Испания) — “Страсбург” (Франция).
Ушбу жуфтликлар ҳам дастлабки ўйинларини 30 апрелда, жавоб учрашувларини эса 7 майда ўтказади. Турнир ғолиби 27 май куни Германиянинг Лейпциг шаҳрида бўлиб ўтадиган финалда аниқланади.
Маълумот учун, ўтган мавсумда Европа Лигасида Лондоннинг “Тоттенҳэм” клуби зафар қучган бўлса, Конференциялар Лигаси бош соврини Англиянинг бошқа бир жамоаси — “Челси”га насиб этган.








