Zara асосчиси Амансио Ортега сайёрадаги энг йирик кўчмас мулк империясини бошқармоқда. Унинг мулклари офис минораларидан тортиб шамол электр станцияларигача, Калифорниядан то Жанубий Кореягача бўлган ҳудудларни қамраб олади. Ортега шунга қарамай сезиларли солиқ имтиёзларига ҳам эга. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
2025 йилнинг ноябрь ойида испаниялик кийим-кечак миллиардери Амансио Ортега Ванкувердаги тарихий “Cаanada Post” биноси учун қарийб 850 миллион доллар нақд пул тўлади. Бутун бир мавзени эгаллаган ушбу технологик марказ 90 минг квадрат метрдан ортиқ офис майдонига эга бўлиб, у тўлиқлигича Амазон компаниясига ижарага берилган. Бу савдо Канада тарихидаги офис биноси учун тўланган энг йирик сумма сифатида рекорд ўрнатди.
Шунингдек, бу Zara асосчисининг 2025 йилдаги ўн учинчи кўчмас мулк хариди бўлди. Бойлиги 141 миллиард долларга баҳоланадиган испан тадбиркори бир йил ичида 8 та мамлакатнинг 10 та шаҳрида 3 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади. У еттита офис биноси, иккита меҳмонхона, иккита саноат объекти, битта ҳашаматли савдо мажмуаси ва битта турар-жой биносини, шунингдек, Британиядаги йирик порт операторининг 49 фоиз улушини сотиб олди.
Миллиардерларнинг кўчмас мулкка бўлган қизиқиши
Дунёнинг энг бой одамлари кўчмас мулкка тобора кўпроқ маблағ тикмоқда. Oracle корпорациясининг ҳаммуассиси Ларри Эллисон Гавайидаги Ланаи ороли, Калифорния ва Флоридадаги меҳмонхоналар ҳамда Палм-Бичдаги мулкла эгалик қилади. У қиймати қарийб 3 миллиард долларлик активларга эгалик қилади. Хедж-фонд магнати Кен Гриффин эса сўнгги йилларда Флорида, Франция, Лондон ва Нью Йоркдаги дабдабали уйлар учун деярли 2 миллиард доллар сарфлади.
Жефф Безосдан ўзиб кетган сармоядор
Дунёда ҳеч ким ўзининг “ортиқча” пулларини кўчмас мулкка Амансио Ортега каби кўп сарфламаган. 2001 йилда Zara’нинг бош компанияси — дунёдаги энг йирик Inditex кийим-кечак тармоғи Мадрид фонд биржасига чиқарилди. Шундан кейин Ортега кўчмас мулкка фаол сармоя кирита бошлади. Ҳозиргача 90 ёшли тадбиркор қарийб 24 миллиард долларни 100 га яқин бозорда жойлашган 216 та кўчмас мулкка сарфлаган. Таққослаш учун, бу Амазон асосчиси Жефф Безос ўзининг Blue Origin ракета компаниясига тиккан 20 миллиард доллардан ҳам кўпроқдир.
Forbes тўққизта давлатдаги корпоратив ҳужжатлар ва ер реестрларини ўрганиб чиқиб, Ортеганинг империясини харитага туширди. Умумий қиймат тахминан 25 миллиард долларга баҳоланади ва 13 та давлатдаги 200 дан ортиқ объектни ўз ичига олади. У дунёдаги энг муваффақиятли кўчмас мулк девеоперлари — австралиялик Гарри Тригубофф (23,2 млрд доллар) ва америкалик Дональд Бренни (19,2 млрд доллар) ортда қолдириб, дунёдаги биринчи рақамли мулк қиролига айланди.
Темир йўлчининг ўғли бўлган Ортега ўз фаолиятини 14 ёшида кўйлак дўконида югурдакликдан бошлаган. 1960-йилларда у рафиқаси Росалия Мера билан ўз уйида либослар ва ички кийимлар тикишни бошлайди. Улар 1975 йилда Zara’га, ўн йилдан сўнг эса Inditex’га асос солади. Жуфтлик 1986-йилда ажрашган бўлса-да, Росалия 2004 йилгача директорлар кенгаши аъзоси ва 2013-йилда вафот этгунига қадар акциядор бўлиб қолди.
Ортега кўчмас мулкка сармояларни Понтегадеа холдинги орқали киритади. Мутахассисларнинг қайд этишича, у объектларни қарз маблағларисиз сотиб олишни афзал кўради ҳамда уларни қайта сотишга эмас, балки ижарага йўналтиради.








