Украина президенти Владимир Зеленский Эронга қарши уруш туфайли АҚШнинг Киев учун вақти йўқлигини айтди. Бу ҳақда сиёсатчи Германиянинг ZDF телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Улар (Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар иштирокчилари — Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф) Эрон билан доимий алоқада, Украинага эса вақтлари йўқ”, деди Зеленский бошловчи билан суҳбатда.
Интервью давомида Украина раҳбари Эрондаги уруш Киев учун салбий оқибатларга олиб келиши сабабини тушунтирди:
“Агар бу уруш чўзилиб кетса, Украинага қурол камроқ етказилади”, дея таъкидлади Зеленский.
У Украина Қуролли кучларида ҳаво ҳужумидан мудофаани таъминлаш учун Patriot тизимлари етишмаётганини қайд этди.
“Ҳозир бизда шундай танқислик (Patriot зенит-ракета тизими назарда тутилган), бундан ёмони йўқ”, деди сиёсатчи.
Бундан ташқари, у Украина Ҳормуз бўғозини блокададан чиқаришга ёрдам беришга тайёрлигини, бироқ АҚШ бу борада Киевга ҳали мурожаат қилмаганини айтди.
1 апрель куни The Telegraph газетасига берган интервьюсида АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳормузни блокададан чиқариш операциясида нафақат НАТО иттифоқчилари, балки Украина ҳам иштирок этиши кераклигини билдирганди.
“Украина бизнинг муаммомиз эмас эди. Бу синов эди ва биз уларга ёрдам бердик, ҳар доим ёрдам берган бўлардик. Улар эса бизга ёрдам бермади”, дея ўшанда ғазабланган эди АҚШ президенти.
Шу билан бирга, Зеленский Украина АҚШдан кўра кўпроқ Германиядан ёрдам олаётганини маълум қилди. У бунинг учун мамлакатни ва Германия канцлери Фридрих Мерцни мақтади.
“Европадаги энг йирик стратегик ҳамкор — бу аниқ Германия”, деди у.
Зеленский Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истагини яна бир бор таъкидлади.
“Украина учун Европа Иттифоқига аъзо бўлиш муҳимдир. Бу Европа Иттифоқининг ҳам истаги бўлиши керак. Армиямиз ва технологияларимиз Европа Иттифоқини янада кучайтиради”, деди у.
Аммо Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш эҳтимолини пастроқ деб баҳолади, сабаби бунга АҚШ қаршилик кўрсатиши мумкинлигини айтди.








