Бенин молия вазири Ромуалд Вадагни мамлакатда бўлиб ўтган навбатдаги президентлик сайловларида сайловчиларнинг мутлақ кўпчилик овозини қўлга киритди ва мамлакат раҳбарига айланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, бюллетенларнинг 90 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг, Вадагни 94 фоиздан ортиқ овоз тўплаганi маълум бўлди. Комиссия ушбу натижани “ортга қайтариб бўлмас” ғалаба деб баҳолади.
Рақибнинг мағлубияти ва сайловдаги тўсиқлар
49 ёшли Вадагни асосий мухолифатчи — “Демократлар” партияси ўз номзодини рўйхатдан ўтказа олмаганидан сўнг сайловнинг яққол фаворити деб кўрилаётган эди. Натижада Пол Хункпе Вадагнининг ягона рақибига айланди. Хункпе 13 апрель куни, овозлар ҳали санаб чиқилаётган бир вақтда мағлубиятини тан олди.
Амалдаги президент Патрис Талон икки муддат лавозимда бўлгани сабабли қайта сайланиш ҳуқуқидан маҳрум эди ва у ўз вориси сифатида айнан Вадагнини танлаган.
Хункпе Вадагнини ғалаба билан табриклаб, натижалар унинг ғалабасини кўрсатаётганини тан олди. Шунингдек, у демократия ўзаро ҳурмат талаб қилишини ва партиявий бўлинишлардан устун туришишини айтди.
“Демократлар” партияси номзоди қонун талаб қилган минимал имзоларни йиға олмади, шу сабабли курашда фақат биргина мухолифат вакили қолди. Бенин сайлов қонунчилигига кўра, номзодлар рўйхатга олиниши учун қонун чиқарувчиларнинг расмий тасдиғини олишлари шарт.
Мамлакат бўйлаб сайловчиларнинг 58,75 фоизи овоз беришда иштирок этди. Кучли мухолифат бўлмагани сабабли кўпчилик бу сайловни шунчаки расмиятчилик сифатида қабул қилди. Янги сайланган президент мамлакатдаги қатор жиддий муаммолар, хусусан, хавфсизликнинг ёмонлашиши, айниқса, мамлакат шимолидаги сурункали қашшоқлик билан курашишига тўғри келади.
Хавфсизлик масаласи ўта долзарб бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг апрель ойида “Ал-Қоида” билан алоқадор JNIM гуруҳи 54 нафар аскарни ўлдирган эди. Март ойида содир этилган худди шундай ҳужумда яна 15 нафар ҳарбий ҳалок бўлди.
Тўрт ой муқаддам ҳарбийлар давлат тўнтаришига уринган эди. 15 миллион аҳолига эга Бенин Ғарбий Африкадаги энг барқарор демократик давлатлардан бири ҳисобланади. Ваҳоланки, ушбу минтақадаги бир қанча давлатларда сўнгги йилларда кетма-кет ҳарбий тўнтаришлар содир бўлди.








