Польша собиқ президенти Лех Валенса президентлик пенсиясидан норозилик билдириб, мамлакатни камбағал деб атади. Бу ҳақда Wprost хабар берди.
“Пенсиямдан кўнглим тўладими? Агар шундай бўлганида, мен ҳозир қўзиқорин теришга ёки балиқ овига кетган бўлардим. Аммо мен ҳамон бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиб, ишлаб юрибман”, дея таъкидлади у.
Маълум қилинишича, ҳозирда президентлик нафақаси амалдаги давлат раҳбари маошининг 75 фоизини ташкил этади. Бу ойига тахминан 13 691 злотий (3 800 доллар)ни ташкил этади.
Шу билан бирга, Валенса Гданск кемасозлик заводида ишлаган йиллари учун ижтимоий суғурта тизимидан стандарт пенсия олиш ҳуқуқига ҳам эга. Бироқ унинг ўзи бу тўловдан фойдаланмаслигини айтган.
“20 йилдан бери, умуман, пенсия олмаяпман, бир тийин ҳам, чунки Польша камбағал”, деди у.
Бу Валенсанинг нафақасидан нолиган илк баёноти эмас
У 2024 йил март ойида ҳам пенсия таъминоти ошганига қарамай, уни етарли деб ҳисобламаслигини айтган. Шу билан бирга, собиқ сиёсатчи фаол ишлаш ва саёҳат қилишда давом этмоқда. Маблағларнинг катта қисми эса кундалик харажатлар, тиббий хизмат ва фаолиятни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Валенса 1990 йилдан 1995 йилгача Польшани бошқарган. 1983 йилда у ўз фаолияти учун Тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.








