Daryo

Ўзбекистонда ҳар бешта уйдан биттаси кредитга сотиб олинади — тадқиқот

Бир йил ичида олинган ипотека кредитлари миқдори 29 фоизга ошди. Аҳоли хонадон хариди учун қарзга тобора кўп мурожаат қилмоқда.

1 дақиқа ўқиш4 298 кўришлар0 изоҳ1

Ўзбекистонда 2024 йилда 21,3 фоиз, 2025 йилда 22 фоиз уйлар кредитга сотиб олинган. Марказий банк таҳлилига кўра, аҳолида банкларда қарз олиш даражаси кескин ортиб бормоқда. 

Мамлакатда 2025 йилда жами 319,5 мингта уй олди-сотди қилинди (2024 йилдагидан 15,8 фоизга кўп). Шундан 70,3 мингтаси кредитга сотиб олинган. 

Йил давомида аҳолига қарийб 21,2 триллион сўм ипотека кредитлари берилган. Мазкур миқдор бир йил аввалгига нисбатан 29 фоизга ошган. 

Фото: Марказий банк

Ўтган йили хонадонлар сотуви сони Бухоро (25,6 фоиз), Сирдарё (23,1 фоиз), Самарқанд (19,2 фоиз), Жиззах (17 фоиз) ва Хоразм (16,4 фоиз) вилоятларида юқори даражада ўсган. Энг кўп уйлар савдо қилинадиган Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида эса ўртача ўсиш 15,5 фоизни ташкил этган.

2025 йил IV чорагида мамлакатда бирламчи уй-жойлар 5,7 фоизга, иккиламчи хонадонлар 7,9 фоизга қимматлашган. Ижара нархлари 8,3 фоизга кўтарилган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳридаги бир сотих ер майдони ўртача 319 миллион сўмдан сотилган. Бу 2024 йил мос даврига нисбатан 9,4 фоизга паст.

Жорий йил 1 март ҳолатига кўра, аҳоли банклардан ипотека кредити бўйича 81,2 триллион сўм қарздор.

Аввалроқ Марказий банк ўтказган сўров қатнашчиларининг 54 фоизи келаси бир йил ичида кредит олишга эҳтиёжи борлигини билдирган. Айниқса, 7-10 миллион сўм даромадлилар гуруҳида қарзга бўлган талаб энг юқори экани аниқланган. Сўров иштирокчилари олган кредитининг асосий қисмини уй-жой таъмири, таълим ва автомобил хариди учун сарфламоқчи эканини қайд этган. Мазкур сўров давомида аҳоли учун ойлик иш ҳақи асосий даромад манбаи бўлиб қолаётгани ҳам маълум бўлган.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар