Россия ва Эрон президентлари Владимир Путин ҳамда Масъуд Пезешкиён телефон орқали мулоқот қилиб, Яқин Шарқдаги вазиятнинг сўнгги ривожини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда Кремль матбуот хизмати.
“Эрон Президенти 11 апрель куни Исломободда бўлиб ўтган Эрон-Америка музокараларига баҳо берди ҳамда вазиятни юмшатиш(деэскалация)га қаратилган, жумладан, халқаро майдонлардаги Россиянинг принципиал позицияси учун миннатдорлик билдирди. Масъуд Пезешкиён, шунингдек, Россия томонидан Эрон халқига кўрсатилган гуманитар ёрдам учун ҳам ташаккур айтди”, дейилади хабарда.
Кремльнинг қайд этишича, Владимир Путин можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишда кўмаклашишга, Яқин Шарқда адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш йўлида воситачилик саъй-ҳаракатларини давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаган.
“Икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинаётганда, Россия ва Эрон ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини янада ҳар томонлама мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилиш тасдиқланди”, деб таъкидланади расмий хабарда.
Кремль матбуот хизмати, шунингдек, Пезешкиён Владимир Путинни ва барча Россия православ христианларини Пасха байрами билан табриклаганини қўшимча қилди.
11 апрель куни Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Эрон ва АҚШ ўртасида 21 соат давом этган музокара натижасиз якунланди. АҚШ вице-президент Жей Ди Венс Эрон Американинг шартларини, жумладан, ядро қуролини ишлаб чиқармаслик талабини қабул қилмаганини айтди.
Ўз навбатида Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги АҚШнинг “ҳаддан ортиқ” талаблари келишувга эришишга тўсқинлик қилганини ва музокаралар тугаганини маълум қилди.








