MLS вакили ҳисобланган “Синсиннати” клуби бразилиялик ҳужумчи Неймар билан трансфер бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда.
Ҳозирча музокаралар бошланғич босқичда. Клуб раҳбарияти 34 ёшли футболчининг талаблари ва бу трансфернинг иқтисодий жиҳатдан қанчалик фойдали бўлишини ўрганмоқда. “Синсиннати” ўз инфратузилмаси ва молиявий имкониятлари орқали бразилиялик юлдузни жамоага таклиф қила олишига ишонмоқда.
Неймарнинг MLS’га ўтишидаги энг катта муаммо — лигадаги махсус статусли ўйинчилар (маоши белгиланган чегарадан юқори бўлган футболчилар) учун қўйилган лимитдир. Айни дамда клубда бу каби учта жой ҳам банд (Кевин Денке, Майлз Робинсон ва Эвандер). Неймарни рўйхатдан ўтказиш учун клуб ушбу футболчилардан бирининг шартномасини қайта кўриб чиқиши ёки уни сотиб юбориши керак бўлади.
Маълумот учун, Неймарнинг ҳозирги клуби — “Сантос” билан шартномаси 2026-йилнинг охиригача амал қилади. Жорий йил бошидан буён ҳужумчи бразилияликлар сафида 6 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол муаллифига айланган.








