Daryo

Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш муҳим — ОТБ Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича ҳисобот берди

Мамлакат учун ЖСТга аъзо бўлиш орқали иқтисодиётнинг таркибий ўзгаришини тезлаштириш зарурлигига урғу берилган. Жорий йилда республика ЯИМ 6,7 фоига ошиши прогноз қилинган.

2 дақиқа ўқиш4 089 кўришлар0 изоҳ3

Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг асосий муаммоси — давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш орқали иқтисодиётнинг таркибий ўзгаришини тезлаштириш бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) мамлакат иқтисодиёти бўйича таҳлилий ҳисоботида маълум қилди. 

Халқаро молия институти “Дарё”га тақдим этган мазкур ҳисоботда ЖСТга аъзолик иқтисодиёт ривожига кучли туртки бериши мумкинлиги қайд этилган.

“ЖСТга аъзо бўлиш ислоҳотларни мустаҳкамлаш, рақобатбардошликни ошириш, экспортни диверсификация қилишни кенгайтириш ва юқори сифатли инвестицияларни жалб қилишга ёрдам бериши кутилмоқда. Давлат корхоналари ислоҳотларини чуқурлаштириш, қоидаларни модернизация қилиш ва бозор рақобатини ривожлантириш ўрта муддатли истиқболда унумдорликка асосланган ўсишни сақлаб қолиш учун жуда муҳимдир,” дейилади таҳлилда.

ОТБ Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6,7 фоизга, 2027 йилда эса 6,8 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Мазкур кутилмалар дунёдаги юқори ноаниқлик шароитида ва Яқин Шарқдаги можарони эрта барқарорлаштириш сценарийсини назарда тутувчи тахминларга асослангани билдирилган. Ҳисоботда 2025 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти юқори даражада, яъни 7,7 фоизга ўсгани олқишланган. 

“Ўзбекистон кейинги икки йилда кучли ички талаб, юқори даражадаги инвестициялар ва давом этаётган таркибий ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланадиган кучли иқтисодий мавқега эга бўлди. Ислоҳотлар ва фискал интизом ташқи ноаниқлик шароитида иқтисодиётнинг барқарорлигини оширди. Келгусидаги вазифа эса хусусий сектор етакчилигидаги янада унумдор ўсишга ўтишдан иборат”, дея фикр билдирган ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая.

Таҳлилда ўтган йили республикада уй хўжаликлари реал даромадлари 9,2 фоизга ошгани, умумий инвестициялар эса 10,5 фоизга ўсгани келтирилган. Инфляция кутилганидан тезроқ пасайиб, 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 2025 йилда 7,3 фоизгача тушгани қайд этилган.

“Бу эса қаттиқ пул-кредит сиёсати, валюта курсининг ўсиши ва харажатлар босимининг юмшатилишини акс эттиради. Инфляция пасайишда давом этиб, 2026 йилда 6,5 фоизга етиши ва 2027 йилга келиб марказий банкнинг ўрта муддатли 5 фоиз мақсадига яқинлашиши кутилмоқда”, дейилади ҳисоботда.

ОТБ тартибга солинадиган энергия тарифлари ва озиқ-овқат таъминоти хавфларига тузатишлар киритилиши инфляцияни вақтинча пасайтириши мумкинлигини қайд этган.

Евросиё тараққиёт банки ҳам 2026 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6,7 фоизга ошишини прогноз қилганди. Ҳозирда мамлакат жаҳон иқтисодий эркинлик рейтингида 86-ўринни эгаллаб турибди.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар