Россия ва Украина 9 апрель куни урушда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини алмашиш бўйича навбатдаги жараённи амалга оширди. Бу ҳақда Давлат думаси депутати, махсус ҳарбий операция бўйича парламент мувофиқлаштирувчи гуруҳи вакили Шамсаил Саралиевга таяниб “РБК” хабар берди.
Саралиевнинг сўзларига кўра, бу галги алмашув доирасида Украина томонига 1 000 нафар ҳалок бўлган аскарнинг жасади топширилди. Россия томони эса 41 нафар ҳарбийнинг жасадини қабул қилиб олди.
Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалкова апрель ойи бошида, Пасха байрами арафасида, Украина билан асирлар алмашишга тайёргарлик кўрилаётганини эълон қилди. Омбудсман алмашув тафсилотларини очиқламаган бўлса-да, ҳозирда бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
2025 йилги Пасха байрами арафасида ҳам томонлар ўртасида йирик алмашувлар қайд этилганди. Хусусан, асирлар 246 га 246 кўринишида алмашилганди. Ўшанда асирлар алмашинувидан бир кун аввал жасадлар алмашинуви ҳам ўтказилиб, унда Россия 41 нафар ҳарбийнинг жасади эвазига Украинага 909 нафар аскарнинг жасадини топширган.
Айни пайтда Украина президенти Владимир Зеленский Россияга энергетик сулҳ тузишни таклиф қилган.
“Агар Россия Украина энергетикасига зарба беришни тўхтатса, биз бунга муносиб жавоб берамиз”, деган Украина раҳбари.
У Украина аввал ҳам Россияга вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни, жумладан, Пасха байрамида ҳам таклиф қилганини айтган. Бироқ қарши томон учун “барча вақт бир хил” эканини таъкидлаган.








