Daryo

Bitcoin яратувчисининг ҳақиқий исми ошкор бўлди — The New York Times

Газета суриштирув эълон қилиб, унда Сатоси Накамото тахаллуси остида яширинган Bitcoin яратувчиси асли британиялик дастурчи эканини маълум қилди.

3 дақиқа ўқиш22 804 кўришлар0 изоҳ8

The New York Times газетаси суриштирув эълон қилиб, унда Сатоси Накамото тахаллуси остида яширинган Bitcoin яратувчиси британиялик криптограф Адам Бек эканини маълум қилди.

Журналист Жон Карейру ушбу суриштирув учун 1990 йилларда мавжуд бўлган криптография ишқибозлари ҳамжамияти — Cypherpunks ёзишмаларидаги 130 мингдан ортиқ хабарларни ўрганиб чиқди ва уларни Накамотонинг ёзишмалари билан солиштирди.

Лингвистик таҳлил шуни кўрсатдики, ёзишмаларнинг 620 нафар иштирокчиси орасида Накамото ва Бек хабарларни ёзишда энг яқин ўхшашликларга эга бўлган. Масалан, гаплар орасида қўш бўшлиқ (пробел) қолдириш, it’s ва its сўзларини чалкаштириш ҳамда гап охирида also сўзини тез-тез ишлатиш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, нашр ўз тахминини қувватлаш учун бошқа билвосита далилларни ҳам келтирмоқда — масалан, Накамото ва Бек ҳеч қачон бир вақтнинг ўзида оммавий фаолият юритишмаган.

55 ёшли Адам Бек кўпроқ Blockstream компанияси асосчиларидан бири сифатида танилган. Аввал ҳам у бир неча бор Bitcoin’нинг эҳтимолий яратувчиларидан бири деб аталган. Бироқ Адамнинг ўзи бу даъвони қатъий равишда инкор этиб келган.

Bitcoin бундан 15 йил олдин пайдо бўлган. 2008 йилнинг охирида Сатоси Накамото исмли шахс илмий иш эълон қилиб, унда криптовалютанинг ишлаш тамойилларини тавсифлаб берган, 2009 йилнинг бошида эса тизимнинг биринчи версиясини тақдим этган. Бироқ шу вақтгача ушбу исм ортида ким тургани номаълумлигича қолмоқда. Балки бу бир киши эмас, бир гуруҳ одамлардир, деган тахминлар ҳам бор.

Фото: Адам Бек
Фото: LinkedIn

Журналистлар узоқ вақт давомида Bitcoin яратувчисининг шахсини аниқлашга уринишди — ҳатто буларнинг барчаси ортида Илон Маск турганини ҳам тахмин қилишди. Аммо у ёки бу номзод фойдасига ишончли далиллар топилмади.

2011 йилдан буён Сатоси Накамото исми остидаги шахс оммавий майдонда кўриниш бермаган. Унга тегишли бўлган криптоҳамёнларда ҳаракатсиз ҳолатда 1,1 миллион биткоин мавжуд бўлиб, бу ҳозирги курс бўйича деярли 80 миллиард долларни ташкил этади.

Турли ОАВ журналистлари вақти-вақти билан Bitcoin асосчисининг шахсини аниқлаганликларини даъво қилиб туришади. Бундай суриштирувларнинг барчаси, одатда билвосита далиллар ва тахминларга асосланади.

Масалан, Америка HBO телеканали томонидан ишланган Money Electric: The Bitcoin Mystery деб номланган ҳужжатли фильмда Bitcoin яратувчисининг шахсини аниқлашга уринилган. Бир неча йил давомида ушбу масалани ўрганган фильм муаллифи, бу шахс — криптовалюта ривожланишида фаол иштирок этган дастурчи Питер Тодд эканини таъкидлайди.

Фильм режиссёр Каллен Ҳобакнинг айтишича, у Сатоси Накамото шахсига доир барча назарияларни ўрганиш учун кўп йиллар сарфлаган. Якунда у ушбу тахаллус ортида дастурчи Питер Тодд яширинган деган хулосага келган.

Ҳобак ўз назариясининг асосий далили сифатида 2010 йил декабрь ойида форумда очилган мавзуни келтирмоқда. Унда дастурчилар транзакцияларни комиссия асосида устуворлаштириш усулини муҳокама қилишган. Инглиз тилидаги ушбу мунозарада Накамото ва Тодд иштирок этади ва фильм муаллифи суҳбатдошлар фойдаланган грамматик ҳамда синтактик конструкцияларнинг ўхшашлигига эътибор қаратади.

Фото: Питер Тодд
Фото: Hash Telegraph

Шунингдек, Каллен Ҳобак 2010 йилда Тодд коллежда ўқиганини, Сатоси Накамотонинг кўплаб хабарлари эса Тодднинг дарслари бўлмаган ёз ойларида эълон қилинганини таъкидлайди. Ниҳоят, айнан Тодд кейинчалик дастурчи сифатида форумда муҳокама қилинган функцияни амалиётга татбиқ этганига эътибор қаратади.

Шунга қарамай, фильмда келтирилган барча далиллар рад этиб бўлмайдиган даражада эмас, деб қайд этади The Washington Post. Режиссёр шунчаки бир нечта тасодифларни бирлаштириб, энг эҳтимолий номзодни ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилган. “Биз шунчаки далилларни келтирмоқдамиз. Якуний хулоса чиқариш имкониятини томошабинларнинг ўзига қолдираман”, деди Ҳобак нашрга берган изоҳида.

Канадалик дастурчи Питер Тодд ҳақиқатан ҳам Bitcoin ҳамжамиятининг у ташкил этилган деярли илк кунлардан бери энг таниқли иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Bitcoin очиқ манбали кодга эга бўлгани сабабли барча дастурчилар унинг ривожига ҳисса қўшишлари мумкин. Тодд ҳам бошқа кўплаб дастурчилар каби, ушбу лойиҳага ёрдам берган.

Фильм охирида режиссёр Сатоси Накамотонинг шахсини аниқлаганини эълон қилганида, Тодднинг ўзи буни кулги билан қарши олади. “Тан оламан, сен жуда фантазияга бойсан — қандайдир ақлдан озган назарияларни ўйлаб топасан. Огоҳлантириб қўяй, Сатоси Накамото мен эканим ҳақидаги тахминингни ҳужжатли фильмингга киритишинг жуда кулгили бўлади”, дейди Тодд режиссёр Ҳобакка.

2026 йил 9 апрель ҳолатига кўра, тахминан 1 биткоин нархи 71 000 АҚШ долларини ташкил қилади.

Тошкентданман. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаганман. 20 йилдан бери журналистика соҳасидаман. “Дарё”да 2022 йилдан бери ишлайман. Ҳозирда Таҳлил ва таржима бўлми бошлиғиман. Ёқтирган киноим: "Баламут". Китоблардан эса Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари ёқади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар