Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги қабристонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видеокузатув тизими жорий этилади. Бу ҳақда Маросим хизматлари агентлиги директори вазифасини бажарувчи Кубат Курамаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яқин кунларда лойиҳани амалга ошириш учун тендер эълон қилинади. Бу чора ёдгорлик мажмуаларини асраш ва қабрларга зарар етказиш (вандализм) ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Шаҳар ҳокимияти нафақат камералар ўрнатиш, балки махсус қўриқчи ходимлар навбатчилиги тизимини ҳам кучайтирмоқда. Маълумотларни рақамлаштириш орқали дафн этилганлар ҳисобини юритиш тартиби ҳам такомиллаштирилади.
Шунингдек, соҳани ривожлантириш учун махсус техника паркини янгилаш, хусусан, янги экскаваторлар ва самосваллар сотиб олиш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, Қирғизистонда қабристон ҳудудидан бошқа мақсадларда фойдаланишга фақат охирги дафн маросимидан 30 йил ўтгач, рухсат берилади. Ушбу ҳудудда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланади, ундан фақат яшил ҳудудлар ва хиёбонлар ташкил этиш учун фойдаланиш мумкин.








