Daryo

Сўнгги ўн йилликнинг энг яхши ҳинд фильмлари (трейлер)

“Пианиночини отиб ташланг” — бу шунчаки триллер эмас, балки сизни илк дақиқаларданоқ ўз домига тортиб, финал титрларигача қўйиб юбормайдиган жумбоқдир.

4 дақиқа ўқиш10 103 кўришлар0 изоҳ14

Сўнгги йилларда ҳинд кинематографи ақл бовар қилмас ютуқларга эришиб, дунёга ўзининг теранлиги, драматиклиги, визуал гўзаллиги ва ҳиссий таъсири билан жаҳон киносининг энг сара намуналаридан асло қолишмайдиган дурдона асарларни тақдим этди. Қуйида танқидчи ва томошабинлар эътирофига кўра сўнгги 10 йилликнинг энг сара дурдоналари ҳақида сўзлашамиз.

“Дангал” (2016) — руҳ ва оталик меҳрининг тантанаси

Барча бидъат-хурофотларга қарши бориб, қизларини кураш бўйича чемпион бўлишга ўргатган Маҳавир Сингх Пхогатнинг реал ҳаётий ҳикоясига асосланган бу фильм — матонат, фидойилик ва чексиз оталик муҳаббати намунасидир. Бу шунчаки спорт драмаси эмас, балки орзу йўлидаги кураш, гендер қолипларини енгиб ўтиш, бир инсон ўз атрофидаги дунёни қандай ўзгартира олиши мумкинлиги ҳақидаги ҳикоядир. Амир Хон ҳамиша бўлгани каби маҳоратли, бироқ бу ердаги ҳақиқий юлдузлар — унинг қизлари ролини ижро этган ёш актрисалардир. Уларнинг ижроси шу қадар ишонарлики, сиз қаҳрамонларга бутун қалбингиз билан мухлислик қиласиз, ҳар бир ғалабасидан қувониб ҳайқирасиз ва ҳар бир адолатсизликдан ғазабланиб муштларингизни тугасиз. “Дангал” — ўзингизга ва имконсиз нарсанинг ўзи йўқлигига ишончингизни мустаҳкамлайдиган фильмдир.

“Пианиночини отиб ташланг”(2018) — онгни чалғитувчи виртуоз триллер

“Пианиночини отиб ташланг” — бу шунчаки триллер эмас, балки сизни илк дақиқаларданоқ ўз домига тортиб, финал титрларигача қўйиб юбормайдиган жумбоқдир. Жиноятни фош этиш учун ўзини сўқирга солиб юрган пианиночининг ҳикояси “мушук-сичқон” ўйинига айланади. Унда сюжетнинг ҳар бир бурилиши сизни кўрган-эшитганларингизнинг барчасига шубҳа билан қарашга мажбур қилади. Бу фильм — кескинлик ва муаллақлик (саспенс) яратиш бўйича ҳақиқий маҳорат дарсидир. Режиссёр Шрирам Рагхаван кутилмаган сюжет бурилишларини тақдим этиб, бўлаётган воқеаларни доимо қайта таҳлил қилишга ундайди. Бош қаҳрамон ролидаги Аюшманн Кхуррана шунчаки ажойиб: у ўз персонажининг бутун мураккаблигини, унинг қўрқуви, айёрлиги ва чорасизлигини ишонарли тарзда очиб беради. Табунинг шум аёл образидаги ижроси эса алоҳида завқ бағишлайди. “Пианиночини отиб ташланг” — бу сизни нафас олмай, курси четида ўтиришга мажбур қиладиган фильм. Уни томоша қилиб бўлгач ҳам, унинг кўп қатламли маъноси ҳақида узоқ ўйга толасиз.

“Ҳаёт — театр” (2018) — хиёнат ва адолат учун кураш

Ака-ука ўртасидаги меҳр-оқибат, хиёнат, порахўрликка қарши кураш ва бир инсоннинг ўзгаришлар оловини ёқувчи учқунга айланиши мумкинлиги ҳақидаги бу ҳикоя илк дақиқаларданоқ сизни ўзига ром этади ва сўнгги сонияларгача қўйиб юбормайди. Бу фильм — ҳиссиётлар портлаши, ҳар бир қаҳрамон ўз қувонч-у ташвишлари билан яшайдиган қишлоқнинг ҳақиқий муҳитига шўнғиш демакдир. Рам Чаран ижросидаги Читти Бабу — куч, номус ва акасига бўлган чексиз меҳр тимсоли. Унинг маҳорати шу қадар кучли ва ишонарлики, сиз унинг ҳар бир зарбасини, ҳар бир азобини, ҳар бир ғалабасини қалбан ҳис қиласиз. Саманта Аккинени ижросидаги Рамалакшми эса аёллик кучи ва матонати намунаси. Уларнинг экрандаги уйғунлиги кишини мафтун этмай қўймайди. “Ҳаёт — театр” — оддий кўнгилочар кино эмас, бу адолатсизлик, инсон руҳининг қудрати ва ўзинг ишонган нарсалар учун курашиш нақадар муҳим экани ҳақида ўйлашга мажбур қиладиган фильмдир.

“Сирли суперюлдуз” (2017) — тўсиқларни ёриб ўтувчи орзулар

“Сирли суперюлдуз” — қўшиқчи бўлишни орзу қиладиган, бироқ бу йўлда қаттиққўл ва золим отасининг қаршилигига учрайдиган ёш Инсия ҳақидаги ҳикоя. У отасининг тақиқларини четлаб ўтиш учун YouTube’да “Сирли суперюлдуз” тахаллуси остида аноним аккаунт очади ва қўшиқларини жойлай бошлайди. Фильм юлдузи Заира Васим Инсия ролини шу қадар самимий ва таъсирчан ижро этганки, унинг тақдири учун бутун қалбингиз билан қайғурасиз. Ғайриоддий мусиқий продюсер Шакти Кумар ролидаги Амир Хон эса томошага ўзгача завқ бағишлайди. У фильмга ҳазил ва енгиллик олиб кирса-да, унинг чуқур мазмунига путур етказмайди. “Сирли суперюлдуз” — агар ишонсангиз ва курашсангиз, орзулар, албатта, ушалишига сизни ишонтирадиган фильм. 

“Ғозий ҳужуми” (2017) — сўнгги сониягача томошабинни тарангликда ушлаб турадиган шиддатли ҳарбий триллер

Бу шунчаки ҳарбий фильм эмас, бу 1971 йилги Ҳиндистон-Покистон уруши даврида Ҳиндистоннинг “Сандхяк” сувости кемаси ва Покистоннинг “Ғозий” эсминеци ўртасидаги жанг ҳақидаги реал воқеаларга асосланган триллер. Режиссёр Сандип Редди Ванга сувости урушининг бутун даҳшати ва қаҳрамонлигини етказиб бера олган. Биз пўлат ва сув ўлим рақсида бирикиб кетган, экипажнинг жасорати эса бутун бир халқ учун қалқонга айланган дунёга шўнғиймиз. Сиз сувости кемасининг клострофобиясини, корпуснинг ғичирлашини, даҳшатли тезликда яқинлашаётган торпеданинг ҳар бир товушини ҳис қиласиз. Капитан ролидаги Рана Даггубати бошчилигидаги актёрлар таркиби бу ҳаёт-мамот жангида денгизчиларни бирлаштирган қўрқув, қатъият ва биродарликни ифодалаб, ажойиб маҳорат намойиш этади. Фильм шиддатли жанг саҳналари ва чуқур инсоний драмалар ўртасидаги мувозанатни моҳирона ушлаб, ҳар бир жасорат ортида ўз оиласи, умидлари ва қўрқувлари бўлган оддий инсонлар турганини кўрсатади.

из доступных источников

Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар