Россиянинг Москва вилояти яқинидаги Crocus City Hall концерт залида содир этилган теракт иши бўйича умрбод озодликдан маҳрум этилган шахс тергов изоляторида ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Федерал жазони ижро этиш хизматининг Москва бош бошқармаси хабарига таяниб “РБК” хабар берди.
Маълум қилинишича, суиқасд видеокузатув камералари орқали аниқланган.
“Воқеа жойида реанимация чоралари кўрилди, бироқ улар самара бермади. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижалар бугуннинг ўзида маълум бўлади”, дейилади расмий баёнотда.
Жабрланувчилар манфаатини ҳимоя қилаётган адвокат Даниэль Готенинг “РБК” нашрига маълум қилишича, ўз жонига қасд қилган шахс — аввалроқ умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Ёқубжон Давлатхон Юсуфзодадир. Воқеа “Матросская Тишина” тергов изоляторида содир бўлган.
Адвокатнинг сўзларига кўра, мазкур иш бўйича яна бир судланувчи Жаброил Аушев ҳам ўз жонига қасд қилишга уринган. Бироқ изолятор ходимлари буни ўз вақтида пайқаб, уни қутқариб қолган.
Бу Аушевнинг биринчи уриниши эмас — у 2026 йилнинг 12 март куни, ҳукм эълон қилинган кунда ҳам ўз жонига қасд қилишга уринган эди. Федерал жазони ижро этиш хизматидаги манба эса Аушев илк бор 2025 йилнинг ноябрь ойида суиқасдга уринганини, шундан сўнг бошқа бундай ҳолат кузатилмаганини таъкидламоқда.
Ёқубжон Юсуфзода ҳақида нималар маълум?
Юсуфзода 2024 йил 31 март куни қўлга олинган. Ўшанда у 25 ёшда эди. У Тожикистон фуқароси, оилали, уч нафар фарзанди бор, Москвада қурилишда норасмий ишлаган ва вақтинчалик рўйхатда турган.
12 март куни Ғарбий округ ҳарбий суди терактнинг асосий ижрочилари — Шамсиддин Фаридуни, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакрам Ражабализодани умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.
Шунингдек, Юсуфзода билан бирга жами 11 нафар шахс ҳам умрбод қамоқ жазосини олган, яна тўрт киши 19 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Март ойи охирида ҳар икки томон ҳам ҳукм устидан шикоят қилди. Судланувчилар жазони ҳаддан ташқари оғир, жабрланувчилар эса жуда енгил деб ҳисобламоқда.
2024 йил 22 март куни кечқурун “Пикник” гуруҳи концерти бошланишидан бир неча дақиқа олдин қуролланган шахслар Crocus City Hall биносига бостириб кириб, одамларни ўққа тутди ва бинога ўт қўйди. Ёнғин 23 март оқшомигача давом этди. Теракт оқибатида 150 киши ҳалок бўлди, 609 киши жароҳатланди.








