2022 йил февралидан буён Россия ҳарбийлари 13 минг мартадан ортиқ хавфли кимёвий моддалардан фойдаланган. Кимёвий моддалар энг кўп марта 2025 йил апрель ойида қўлланган бўлиб, 894 та ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучларининг қўллаб-қувватлаш кучлари қўмондонлиги хабар берди.
Украина Қуролли кучларининг баёнотига кўра, Россия қўшинлари К-51 ва РГ-V туридаги газ гранаталари, шунингдек хлорбензалмалонодинитрил ва хлорацетофенон моддаларини ўз ичига олган қўлбола контейнерлардан фойдаланмоқда. Улар дронлар ёрдамида ташланиб, украиналик ҳарбийларни яширинган жойларини тарк этишга мажбур қилиш ва тактик устунликка эришиш мақсадини кўзлайди.
Украина томонининг таъкидлашича, бу моддалар ҳалокатли жанговар заҳарловчи моддалар тоифасига кирмайди. Бу моддалар кўз ва нафас йўлларини кучли ачиштириши, кўздан ёш оқишига, йўтал, бўғилиш, дезориэнтация ва вақтинчалик жанговар қобилиятни йўқотишга олиб келиши билан хавфли ҳисобланади.
Россияда бу турдаги моддалар кўча тартибсизликларини бостиришда қўлланади. Шу билан бирга, Россия 1993-йилда бундай моддаларни “уруш олиб бориш воситаси сифатида” қўллашни тақиқловчи халқаро конвенцияни имзолаган ва 1997 йил ноябрда ратификация қилган.
Аввалроқ Украина Россия ҳужумларидан ҳимояланиш учун АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларидан ТHАAD тизимини сўрамоқчи эди.








