Қрим ярим оролида ўқув парвозини амалга ошираётган Су-30 қирувчи самолёти қулаб тушди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, “РБК” хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳодиа Москва вақти билан соат 11:00 ларда содир бўлган.
“Самолёт экипажи катапульта қилди ва ер усти қидирув-қутқарув жамоаси томонидан эвакуация қилинди. Учувчиларнинг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, самолёт режали ўқув парвозини бажараётган бўлган ва унинг бортида жанговар ўқ-дорилар бўлмаган.
Су-30 (НАТО классификацияси бўйича: Flanker-C) — Россиянинг икки ўринли кўп мақсадли оғир қирувчи самолёти ҳисобланади. У 1980-йилларнинг охирида “Сухой” конструкторлик бюроси томонидан Су-27УБ ўқув самолёти базасида ишлаб чиқилган.
Техника Су-27 қирувчиларининг гуруҳли жанговар ҳаракатларини бошқариш, қуруқликдаги қўшинлар ва обектларни ҳимоя қилиш, ҳаво десантларини йўқ қилиш, ҳаво разведкасини олиб бориш ҳамда ердаги ва сувдаги нишонларга зарба беришга мўлжалланган.
Жорий 2026 йилнинг 31 март куни Қримнинг Бахчисарой туманидаги Куйбишево қишлоғи яқинида Ан-26 самолёти ҳам ҳалокатга учраган эди. Ҳодисадан бир оз аввал самолёт билан алоқа узилиб қолган.
Мудофаа вазирлиги ушбу ҳалокат оқибатида 29 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Фожиага техник носозлик сабаб бўлган. Вазирлик самолётга ташқи томондан шикаст етказилмаганини билдирган.
“РИА Новости” манбасининг хабар беришича, самолёт қояга бориб урилган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳарбий терговчилар парвоз қоидаларини бузиш ёки унга тайёргарлик кўриш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.








